Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан буён россиялик ҳарбийлар украиналик асирлардан камида 61 нафарини ўлдиришган. Украина расмийлари тасдиқлашга муваффақ бўлган маълумотлар ана шундай, дея билдирди Украина бош прокурори Андрей Костин. Мулозимга кўра, 61 нафар ҳарбий асирнинг судсиз қатл этилгани бўйича 27 та жиноят иши тергов қилинмоқда. Улардан бири бўйича ҳукм чиқарилган, яна бир нечтаси судда кўриб чиқиляпти.
Россияда асир ўлароқ ушлаб турилган 2200 нафар украиналик ҳарбий жабрланувчи дея тан олинган. Уларнинг 500 дан зиёди сўроқ пайтида ўзига қарши жисмоний зўравонлик, шу жумладан электр токи ёрдамида қийноқ қўлланилганини маълум қилган. Костинга кўра, асирга тушган украиналик ҳарбийларнинг ҳаммаси “ғайриинсоний шарт-шароитда” сақланмоқда, кўпчилиги, масалан, украин тилида гапиргани учун қийноққа солиниб, калтакланмоқда, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти.
Костин Россиянинг 15 ҳудудида украиналик ҳарбийлар мунтазам равишда таҳқирланаётган камида 25 та объект аниқланганини ҳам қўшимча қилган.
Бир неча кун аввал Россия telegram-каналлари Харьков вилоятида украиналик ҳарбийлар таҳқирланаётгани акс этган видеони ёйинлаган эди. Унда россияликлар украиналикларни кўзлари боғлиқ ҳолда олиб кетишаётгани, уларни СССР гимнини айтишга мажбур қилиб, калтаклашаётгани ҳамда ўлим билан таҳдид қилишаётганини кўриш мумкин. Украина омбудсмани Дмитрий Лубинец бу видео юзасидан халқаро тузилмаларга мурожаат қилган.
Сўнгги пайтларда асирга тушаётган ёки тушган украиналик ҳарбийлар ўлдирилганига оид хабарлар тез-тез чиқиб турибди. Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакиллари бир неча ой ичида бу каби 10 дан ортиқ воқеани тасдиқлатишга муваффақ бўлишган.
Украиналик расмийлар бу каби хабарлар текширилишини билдиришган, бироқ бу текширув натижалари ҳақида маълумот берилган эмас. БМТ ҳисоботларида урушда иштирок этаётган ҳар икки томон тарафидан Женева конвенцияси моддалари бузилганига оид ҳолатлар қайд этилган.