Украина денгиз орқали ғалла экспорт қилишни тўхтатди

Одесса бандаргоҳи.

Россия “дон йўлаги”ни тўсиб қўйгани ортидан Украина денгиз орқали ғалла экспортини тўхтатишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Украина инфраструктура вазири Александр Кубраков маълум қилди.

У твиттер саҳифасида Оддесса бандаргоҳида IKARIA ANGEL кемаси қамалиб қолганини ёзди. Унга кўра, кема 40 минг тонна ғаллани Эфиопиянинг очлик ёқасида қолган аҳолисига етказиб бериши лозим эди.

29 октябрда Россия Мудофаа вазирлиги Москва Украинага ўз донини Қора денгиз орқали экспорт қилиши имконини берган ташаббусни тўхтатишга қарор қилгани тўғрисида билдирган эди.

Вазирликка кўра, Қора денгиз флоти ва бошқа кемалар, жумладан, Қора денгиз "дон йўлаги" хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланувчи кемалар Украина дронлари ҳужумига учраганидан кейин шундай қарор қабул қилинган.

30 октябрь куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россияни эришилган келишувни бузганликда айблади ва халқаро ҳамжамиятни Россиядан ўз мажбуриятларини бажаришни талаб қилишга чорлади.

Украина президенти Владимир Зеленский Россия сентябрь ойидаёқ озиқ-овқат инқирозини чуқурлаштира бошлаган. Унга кўра, бугунги кунда “дон йўлаги”да 176 кема қамалиб турибди. Жазоир, Миср, Яман, Бангладеш, Вьетнам ва бошқа давлатларга ғалла олиб чиқиши керак бўлган кемалар уч ҳафтадан бери йўлини давом эттира олмаяпти.

Европа Иттифоқи Россияни ўз қарорини бекор қилишга чақирди. АҚШ президенти Жо Байден Москва қарорини “жуда ёмон қарор” деб атади.

22 июль куни Россия ва Украина Туркия ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан Қора денгиздаги учта муҳим портдан озиқ-овқат ва ўғит экспортига йўл очиш тўғрисида шартнома имзолаган эди.