Ўзбекистон Украина билан бизнесга ўзаро имтиёзлар бериш масаласини муҳокама қилди

Ташқи ишлар вазирлигида ўтганг учрашув.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 29 ноябрь куни ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳром Аълоев Украинанининг Тошкентдаги элчиси Николай Дорошенкони қабул қилди.

Учрашувда турли соҳалардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама этилди. Жумладан, савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, шу жумладан икки мамлакат бизнес субъектларига ўзаро аснода имтиёз ва преференциялар бериш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Бундан аввал 2021 йилнинг май ойида Тошкентда Ўзбекистон ва Украина ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши ва бизнес-форум ўтказилган эди. Ўшанда икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янги даражага кўтариш масалалари муҳокама этилганди.

Бироқ 2022 йилнинг 24 февралида Украинага Россиянинг бостириб кириши ортидан иқтисодий алоқалар сустлашгани кузатилган.

Ўзбекистон Россиянинг Украинага босқини юзасидан нейтрал позицияда эканини билдирган ва Москванинг бу ҳаракатини расман танқид қилмаган. Ўзбекистон 8 апрель куни Украинага 34 тонна гуманитар ёрдам жўнатгани хабар қилинган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Украинага гуманитар ёрдам жўнатгани тўғрисида расман маълумот бермаган. Аммо АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 9 апрелда Украина ва Афғонистонга кўрсатаётган гуманитар ёрдамлари учун Тошкентга миннатдорчилик билдирганди.