Тошкентдаги Ташқи ишлар вазирлиги биносида 10 ноябрь куни Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко билан учрашув бўлиб ўтган.
ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида элчи Дорошенкога Украина Мудофаа вазирлиги вакилининг амалдаги санкция чекловларини четлаб ўтиб, икки мақсадли маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида ОАВда тарқалган асоссиз баёноти муносабати билан жиддий хавотир билдирилган.
“Украина томонидан ОАВда Ўзбекистонга оид нотўғри маълумотлар тарқатилишига йўл қўйилмаслиги таъкидланди”, дейилган ТИВ хабарномасида.
Ўзбекистонлик дипломатлар ТИВ Украина томонининг расмий сўровлари келиб тушган тақдирда, уларни қизиқтирган масалаларни ўрганиш ва холис маълумот беришга тайёр эканларини билдиришган.
Элчи Дорошенко эса, ТИВ қайдича, “Ўзбекистон томонининг хавотирлари ва учрашув натижаларини Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятига зудлик билан етказиши”ни таъкидлаган.