Украина 2022 йил февралининг охиридан то шу кунгача Ғарб давлатларидан юз миллиард долларга яқин ҳарбий ёрдам олди. Бу ҳақда Украина мудофаа вазири Алексей Резников маълум қилди. Унга кўра, кўрсатилган умумий ҳарбий кўмакнинг 60 миллиард доллари АҚШ ҳиссасига тўғри келади.
Резниковга кўра, айни пайтда Киев ҳаводан мудофаа тизимларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
“Булар Patriot, NASAMS, SAMP/T, Iris-T, Gepard, Crotale, каби замонавий тизимлар, Stinger, Starstreak каби зенит ракета тизимлари, гранатомётлардир”,- деди вазир.
Резников бугунги кунда Украина армияси ҳарбий самолётларга эҳтиёж сезаётганини таъкидлади. У: “Биз аниқ биламиз, тез орада F-16 ларга эга бўламиз", – деб таъкидлади.
F-16 АҚШда ишлаб чиқарилаётган замонавий ҳарбий қирувчи самолётдир. Вазир бу самолётлар 2024 йилнинг баҳорида Украинага етказилиб берилиши кутилаётганини айтди.
3 сентябрь куни президент Владимир Зеленский мудофаа вазири Резниковнинг истеъфоси кутилаётганини билдирган эди. Зеленский Резников ўрнига Рустем Умеров тайинланишини маълум қилган.
Умеров 41 ёшда. У 1982 йилда Самарқанднинг Булунғур туманида 1944 йилда Қримдан депортация қилинган қримтатар оиласида туғилган. Умеровлар оиласи 1980 йилларнинг охирларида Қримга қайтган.
Умеров Украинада қатор инвестиция фондларига раҳбарлик қилган. 2019 йилда Олий Рада депутатлигига сайланган. 2022 йилда Россия Украинага уруш очганидан сўнг музокарачилар гуруҳи таркибида бўлган. У 2022 йилда Давлат мулк фонди раиси лавозимига тайинланган.
Forbes журналининг украин таҳририяти Резников истеъфога чиққанидан сўнг Украинанинг Британиядаги элчиси лавозимига тайинланиши ҳақида ёзди. Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқланган эмас.