Украина Донецк вилояти прокуратураси Краматорскда нишонга олинган меҳмонхона вайроналари остидан Буюк Британия фуқаросининг жасади чиқариб олинганини тасдиқлади. У 25 августга ўтар кечаси Россия армияси томонидан берилган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган.
Мазкур ракета ҳужуми оқибатида олти киши турли даражада тан жароҳати олишган, улардан тўрт нафари хорижий нашрлар журналистларидир.
Краматорскдаги меҳмонхонага берилган ракета зарбаси натижасида бир неча мамлакат фуқаролари бўлган журналистлар жабрлангани ҳақида аввалроқ Донецк вилояти ҳарбий маъмурият раҳбари Вадим Филашкин билдирган эди.
Кейинроқ Reuters агентлиги “Сапфир” меҳмонхонасида ўз ходимлари бўлган олти киши истиқомат қилиб келгани ҳақида хабар қилган. Бу ерда гап АҚШ, Британия, Германия, Латвия ва Украина фуқаролари ҳақида бормоқда. Зарба чоғида тўрт нафар журналист жароҳат олган, улардан икки нафари касалхонага ётқизилган. Агентликнинг яна бир журналисти эса, қайд этилишича, дараксиз йўқолган. Вадим Филашкин “британиялик журналист” вайроналар остида қолгани ҳақида ёзган. Кейинроқ Краматорск шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Гончаренко Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали меҳмонхона вайроналари остидан мақтул журналистнинг жасади топилгани ҳақида ёзиб чиққан.
Россия қўшинларининг ракета зарбаси оқибатида икки қаватли меҳмонхона қисман вайрон бўлган.
Украина прокуратураси маълумотига кўра, афтидан, зарба “Искандер-М” ракетаси билан берилган. Россиялик ҳарбийлар бу борада изоҳ беришмаган. Россиялик ҳарбий блогерлар меҳмонхонага зарба берилганига оид маълумотларни тасдиқлаб, у ерда ҳарбийлар яшаганини иддао қилишган.
Краматорскка берилган зарба пайтида Украинада фаолият юритувчи польшалик журналист Моника Андрушевска ҳам жабрланган. Polsat хабарига кўра, у меҳмонхонада яшаган эмас, зарба чоғида у бино ёнидан автомобилда ўтиб кетаётган бўлган.
Украина расмийлари маълумотига кўра, шанба оқшомида Россия ҳарбийлари томонидан Суми шаҳрига берилган ҳаво зарбаси натижасида бир эркак қурбон бўлган, яна саккиз киши яраланган. Якшанбага ўтар кечаси ва тонгда Херсон вилоятининг ўққа тутилиши оқибатида эса уч киши ҳалок бўлган.