Украинанинг Купянскида магазин ва кафега берилган зарбада камида 50 киши ҳалок бўлди

Россия ҳужуми пайтида магазин ва кафеда камида олтмиш киши бўлган.

Украинанинг Харьков вилояти Купянск туманидаги Гроза қишлоғида магазин ва кафега берилган зарба оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлди. Маҳаллий ҳокимият зарба Россия ҳарбийлари томонидан берилганини билдирди.

Президент Зеленский воқеа жойидан олинган фотосуратларни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилди. У Россия зарбасини “онгли равишда қилинган теракт” деб атади. Ҳалок бўлганлар орасида олти ёшдаги бола ҳам бор.

Украина Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Россия бу ерга “Искандер” ракета тизимидан зарба берган. Вазир Игорь Клименкога кўра, Россия ҳужуми пайтида магазин ва кафеда камида олтмиш киши бўлган.

Украина прокуратураси ҳужум оқибатида яна етти киши яраланганини маълум қилди.

Россия томони бу хабарга муносабат билдирмади. Россия қўмондонлиги тинч аҳолига қарши ҳужумлар қилинаётгани тўғрисидаги маълумотларни инкор қилиб келмоқда. Гроза қишлоғи фронт чизиғидан 20 километр узоқликда жойлашган.