Украина масаласи Мюнхен хавфсизлик конференцияси кун тартибида

Мюнхендаги анжуман ўтадиган "Байеришер Хоф" меҳмонхонаси. 19 февраль, 2021 йил.

Дунё етакчилари, юқори лавозимли амалдорлар, сиёсатчилар ва хавфсизлик бўйича экспертлар иштирокида Мюнхен Хавфсизлик конференцияси бўлиб ўтмоқда. Конференция Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги хавотирлар фонида чақирилди.

Украина президенти Владимир Зеленский Россия босқини хавфсига қарамай, Мюнхен анжуманида қатнашишини тасдиқлади.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 18 февраль куни очилиш маросимида сўзга чиқиб Россия-Украина инқирози урушга айланса, бу “ҳалокатли” бўлишини таъкидлади.

Хавфсизлик форумида АҚШ вице-президент Камала Харрис, Германия канцлери Олаф Шолс, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва бошқа юқори мартабали расмийлар иштирок этмоқда. Конференция доирасида қатор учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Мазкур йиғилиш Кремлнинг чегара яқинида қўшинларини тўплаши ортидан Россия-Украина можароси кучайган ва Россия Украинага янги босқин уюштиришидан хавотирлар ортган бир паллада ўтказилмоқда.

Конференцияда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен сўнгги икки кун ичида Украина шарқининг ўққа тутилиши Россиянинг Украинага қарши кейинги “тажовуз”ини оқлаш учун “ёлғон баҳона” яратишга қаратилган ҳаракатларининг бир қисми эканлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракатлар "сохта провокациялар яратиш, кейин эса бу провокацияларга жавоб бериш учун Украинага қарши янги босқин қилиниши билан якунланадиган сценарийнинг" бир қисми.

Камала Харрис 18 февраль куни НАТО раҳбари Йенс Столтенберг ва Олаф Шольц билан учрашган қолаверса, Украина президенти Владимир Зеленский ва Болтиқбўйининг уч давлати – Латвия, Литва ва Эстония раҳбарлари билан музокаралар ўтказган.

Болтиқбўйи давлатлари раҳбарлари билан музокаралари чоғида, вице-президент Харрис Россиянинг минтақадаги ҳаракатлари манзарасида Вашингтон НАТОдаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.

"Мен таҳдидларнинг мавжудлик омилини тан оламан.Биз бу ва бошқа кўплаб масалаларда сиз билан биргамиз ва НАТО иттифоқчиси сифатида ёнингизда турамиз", деди у.

"Қўшма Штатлар 5 моддага содиқлигича қолади ", дея қўшимча қилди у НАТОнинг ўзаро мудофаа ҳақидаги бандига ишора қилган ҳолда.Ушбу банда кўра, альянснинг барча аъзолари ҳужумга учраган бошқа аъзога ёрдам бериши талаб қилинади.

Столтенберг “Европадаги иттифоқчиларнинг ёрдами кучайиб бораётганини, шунингдек, иттифоқнинг шарқий чегарасида ўзининг мавжудлигини ошириб, мудофаага кўпроқ сармоя киритаётгани”ни олқишлашини маълум қилди.

Мюнхен хавфсизлик конференциясига биринчи марта Россиядан ҳеч ким келмади.

Конференцияда 30 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда.

Бугун Блинкен ва G7 давлатлар ташқи ишлар вазирлари ва конференция доирасида учрашади.

Шунингдек, бугунги сессияда Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам қатнашади, унга Ташқи ишлар вазири Лиз Трaсс ва Мудофаа вазири Бен Уоллес ҳамроҳлик қилади.

Бугун бўлиб ўтадиган анжуманда Украина, Россия ва НАТОга оид масалалар муҳокама қилинади, эртанги 20 февраль куни эса Европа Иттифоқи келажаги муҳокамасига бағишланиши кўзда тутилган.

Ўтган йили конференция пандемия туфайли виртуал форматда бўлиб ўтган эди.