“Украин дўстлар”ни Мустақиллик куни билан Ўзбекистон номидан элчихона табриклади

Президент Владимир Зеленский Украина халқини Мустақиллик куни билан табрикламоқда.

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси 24 август куни тушдан кейин Фейсбук саҳифаси орқали “украин дўстлар”ни Мустақиллик куни билан табриклади. Табрик матни элчихонанинг расмий сайтида эълон қилинмади.

“Азиз украин дўстлар, давлат байрами – Мустақиллик куни билан чин юракдан табриклаймиз! Ишонамизки, халқларимиз ўрасидаги анъанавий ва узоқ йиллик дўстлик ришталари бундан буён ҳам самарали ривожланади. Имкониятдан фойдаланиб, сизларга мусаффо осмон, абадий фаровонлик ва фаровонлик тилаб қоламиз”, дейилади табрикда.

Ўзбекистон президенти сайтида ҳам, Ташқи ишлар вазирлиги сайтида ҳам Украинага табрик йўллангани тўғрисида маълумот берилмади. Сўнгги марта президент Шавкат Мирзиёев Украинани Мустақиллик куни билан табриклагани тўғрисида расман ўтган йилнинг 25 августида хабар берилган эди. Ўшанда ҳам президент табриги фақат Ўзбекистон элчихонаси сайтида эълон қилинган.

Минтақа давлатлари орасида Тожикистон ва Қирғизистон президентлари матбуот хизматлари ҳам Украинага табрик йўллангани тўғрисида расман маълумот бермади.

Жорий йилда постсовет давлатлари орасида Украинани Мустақиллик куни билан Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Молдова президенти Майя Санду, Беларусь раҳбари Александр Лукашенколар табриклагани тўғрисида билдирилди.