Ғарб давлатлари разведкаси Россия қиш мавсумида Украинадаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниши, жумладан, “ҳарбий агрессия эҳтимоли катта”лиги тўғрисида маълумотларга эга. Бу ҳақда Британияда нашр қилинадиган Financial Times хабар берди.
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг айтишича, ғарб давлатлари бу борада Киевни огоҳлантирган. Унга кўра, ҳозирча ғарб разведкаси Россиянинг ҳаракатлари юзасидан тўлиқ тасаввурга эга эмас, шунинг учун тўпланган маълумотлар ҳозирда муҳокама қилинмоқда.
Россия ҳукумати агрессия уюштириш нияти йўқлигини билдириб, Ғарбни Украинадаги вазиятни кескинлаштираётганликда айблади.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Москвани “Қрим аннексия қилинган 2014 йилдаги ҳаракатларни такрорлаш катта хато бўлиши”дан огоҳлантирди. 13-14 ноябрь кунлари Блинкен вазиятни Польша ва Франция ташқи ишлар вазирлари билан муҳокама қилди.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 15 ноябрь куни Брюсселга сафар қилмоқда. У бу ерда НАТО вакиллари билан ҳам учрашади.