Украина Ўзбекистондаги “Фотон” заводи ва унинг раҳбарини санкция рўйхатига киритди

Ўзбекистондаги “Фотон” акциядорлик жамияти ва унинг раҳбари Маърифхўжа Сайдумаров Украинанинг санкция рўйхатига киритилди.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши тавсиясига кўра президент Владимир Зеленский томонидан 7 декабрь куни имзоланган фармон билан санкция рўйхатига турли мамлакатлардаги 185 та юридик шахс ва 181 нафар жисмоний шахс номи қўшилган.

Мазкур рўйхатга киритилганларнинг Украина ҳудудидаги активлари музлатилади, лицензиялари бекор қилинади, улар билан савдо операциялари, шунингдек, уларнинг мамлакат ҳудудидан ўтиши (транзит) 10 йилга чекланади ҳамда бошқа тақиқлар жорий этилади.

Саксон йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Фотон” электроника заводи акцияларининг 85 фоиздан кўпроғига давлат эгалик қилади. Айни пайтда Ўзбекистонда мазкур корхона хусусийлаштириш дастурига киритилган.

Заводда 30 дан зиёд яримўтказгичли маҳсулот ва микросхемалар, чангютгич, телевизор, назорат-касса аппаратлари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Уч йил муқаддам “Ўзэлтехсаноат” завод акцияларининг давлатга тегишли қисмини россиялик сармоядорга таклиф қилгани маълум.

“Фотон” АЖ Украина санкциясига йўлиққан Ўзбекистондаги корхоналарининг биринчиси эмас. Ноябрь ойида Киев расмийлари Akkermann Cement CA ва “Оҳангаронцемент” АЖ, шунингдек, Ўзбекистон фуқароси бўлган икки жисмоний шахсни санкция рўйхатига киритишган.