Украина президенти Владимир Зеленский 16 март куни видеоалоқа орқали Қўшма Штатлар конгрессига мурожаат қилади.
Зеленский ўз нутқида АҚШни Украина осмонини парвозсиз ҳудудга айлантиришга чақириши ва мамлакатга Польша ихтиёридаги МиГ жанговар учоқларини беришни илтимос қилиши кутилмоқда. Мазкур учоқлар Украинага сўнгги кунларда аҳоли турар-жой мавзеларига зарба йўллаётган Россия авиацияси ҳужумларини қайтариш имконини беради.
Чоршанба куни АҚШ президенти Жо Байден ҳам мамлакат халқига мурожаат билан чиқиш қилади. Матбуот хабарларига кўра, у Украинага ҳарбий ёрдам тариқасида қўшимча 800 миллион доллар ажратилишини эълон қилади. АҚШ Украинага Javelin танкка қарши ракета комплекслари ҳамда Stinger зенит-ракета мажмуалари етказиб беришни кенгайтиради. Бироқ, айтилишича, Оқ уй Украина осмонини парвозсиз ҳудудга айлантириш ва мамлакатга Польшага тегишли МиГ қирувчи учоқлари берилишини маъқуллашга тайёр эмас.
Бир неча кун олдин Оқ уй Польшанинг ўз ихтиёридаги МиГ-29 учоқларини Украинага бериб, ўрнига АҚШдан F-16 учоқларини олиш таклифини рад этган. Бу жавоб МиГларнинг Украинага АҚШнинг Германиядаги ҳарбий базаси орқали йўлланиши НАТО билан Россия ўртасида тўғридан-тўғри тўқнашув чиқиши хавфини ошириши мумкинлиги билан изоҳланган. Аммо АҚШ Конгрессида жанговар учоқларнинг Киевга берилишини маъқуллаш кайфияти кучлига ўхшайди. Хусусан, бир неча нуфузли конгрессмен бу қадамни ёқлаб гапирган эди.