Рустем Умеров Украинанинг янги мудофаа вазири бўлди. Владимир Зеленский ушбу лавозимга Россия оккупация қилган яриморол билан узвий боғлиқ одамни тайинлаш билан Киев Қрим мақоми борасида муросага рози эмаслигини кўрсатмоқда.
Украина Олий Радаси 6 сентябр куни Рустем Умаровни мудофаа вазири лавозимига тасдиқлади. У мамлакат тарихида вазир портфелини қўлга киритган илк қримтатар бўлди. Мудофаа идораси янги раҳбарининг оккупациядаги яриморол билан яқин алоқалари бор. Бинобарин, унинг Украина Қуролли кучлари қадам-бақадам Қрим маъмурий чегарасига томон силжиётган паллада ушбу масъул лавозимга қўйилиши тасодиф эмас.
Филипп Орлик номидаги Демократия институти мутахассиси Наталья Белицерга кўра, Умеровнинг вазирлик лавозимига тайинланишида профессионал тажрибаси бирламчи асос бўлган, этник мансубияти ёки диний эътиқоди эмас. Аммо кейинги икки омил ҳам эътиборга олинган.
“Бу ерда сиёсий мужда ҳам бор. Энг аввало, Киев “яриморолни Украина юрисдикциясига қайтариш масаласида ҳеч бир муросага бормаслигимизни ҳамма билиб қўйсин”, демоқда. Шунингдек, мазкур тайинлов урушга ва вақтинча оккупация қилинган Қримнинг туб халқи тақдирига туркий мамлакатлар ва бутун мусулмон олами эътиборини тортди. Ва ниҳоят, Умеровнинг мудофаа вазири этиб тайинланиши оккупация қилинган Қримдаги Украинага содиқ кучларга умид бағишловчи сигнал бўлди”, деди Белицер Озодлик радиосига берган интервьюсида.
Чет элда ҳам Умеровнинг тайинланиши Қримни Россия босқинидан озод этиш – Украина давлатининг стратегик мақсади эканини ва Киев ушбу масалада ўз позициясини ўзгартирмаслигини англатувчи мужда ўлароқ қабул қилинмоқда.
“Рустем Умеров мудофаа вазири бўлса, Қрим ҳеч қачон унутилмайди. Бу ажойиб янгилик!” – АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси, Стэнфорд университети профессори Майкл Макфол тайинловдан олдинроқ ижтимоий тармоқларда шундай деб ёзди.
“Умеровнинг тайинланиши қримтатар жамоаси Киевда қарорлар қабул қилиниши жараёнига янада чуқурроқ интеграция бўлишини англатади. Бу, шунингдек, Украина давлати Қримни қайтаришга қатъий бел боғлаганини ҳам таъкидлаб турибди”, дея қайд этди Politico нашри.
Қримтатар фарзандининг Украинада юқори лавозимга тайинланиши Россия пропагандасининг гўё Киевда ҳокимият “нацистлар” қўлида экани ҳақидаги машҳур иддаосини ҳам чиппакка чиқариши турган гап.
“Аҳолисининг 73 фоизи этник яҳудийни демократик йўл билан президентликка сайлаган, у эса, ўз навбатида, Украина ҳукуматидаги энг масъулиятли лавозимлардан бирига мусулмон номзодни танлаган мамлакатнинг “нацистлар мамлакати” эканини асослантириш Россия пропагандасига тобора оғир бўлиб боряпти”, дейди Наталья Белицер.
“Стратегия ХХI” глобалистика марказининг ҳарбий дастурлари раҳбари Павел Лакийчук фикрича, хорижий мамлакатлар билан бўлажак мулоқотларда Умеровнинг нафақат шахсий фазилатлари, балки келиб чиқиши ҳам жуда муҳим ўрин тутади.
“Бу ерда Рустем Умеров Украинага қурол-аслаҳа етказиб бериш ва тутқунликдаги ҳарбийларимизни қайтариш жараёнида ўзини яхши музокарачи сифатида намоён этгани ҳам энг асосий омил эмас. Мудофаа вазири этиб – Қримнинг туб халқи вакили, ватани ҳануз Россия оккупациясида қолаётган киши тайинланяпти. Сир эмаски, бизнинг айрим халқаро ҳамкорларимиз “эскалация”дан ўлгудек қўрқишади, улар Қримни оккупантлардан озод қилиш бошланишини даҳшат билан кутишмоқда. Ўша жаноблар Украина вазирининг кўзига қараб “Қримнинг сизларга нима кераги бор?” дея оладиларми, йўқми, тасаввур қилиб кўринг”, дейди Лакийчук Озодлик билан суҳбатда.
Сиёсий эксперт Евгений Сависько ҳам Умеровнинг вазир этиб тайинланишида яққол рамзий ишоралар борлигини тан олади.
“Қримни озод этиш операциясига ҳозирлик бошланиши арафасида бош мудофаа идорасига қримлик татар раҳбар этиб белгиланмоқда. Бунда Украина фуқароларига ҳам, оккупантларга ҳам очиқ муждалар бор: душман энг яқин истиқболда яриморолдан қувиб чиқарилади. Тайинлов украин патриотлари учун далда ва курашга руҳлантириш бўлса, россияликлар учун огоҳлантириш ва психологик босим ўтказиш воситасидир. Янги мудофаа вазири кичик ватани бўлмиш Қримнинг тезроқ озод этилишидан шахсан манфаатдор, бинобарин, у Украина ҚК қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва фронт учун зарур барча нарсаларни мумкин қадар кўпроқ, иложи борича эртароқ олиши учун жонини жабборга беради”, таъкидлайди эксперт.
Россия Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан бери Рустем Умеров музокара жараёнида фаол иштирок этиб келаётган эди. У ўтган йили баҳорда Киев билан Москва ўртасидаги икки раундли музокараларда (Беларусда ва Туркияда) қатнашган, шу йилнинг ёзида Саудия Арабистонида ўтказилган саммитда украин делегацияси таркибида бўлган, ҳарбий асирларни айирбошлаш билан шуғулланган. Баъзи маълумотларда Умеров Украина армиясига чет элдан оғир қуроллар етказиб бериш бўйича яширин музокараларга ҳам жалб этилгани айтилади. У ҳукумат доираларида халқаро даражадаги самарали коммуникатор ўлароқ танилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Аввалги мудофаа вазири Алексей Резников шов-шувли коррупция можаролари манзарасида истеъфога чиқди. “Бу можаролар Мудофаа вазирлиги раҳбариятининг тўлиқ ёки қисман алмаштирилишига таъсир этмай қолмади. Россия пропагандаси вазирлик мулозимларининг ноқонуний бойлик орттираётгани билан боғлиқ иддаолар ва журналистик суриштирувлардан фойдаланади ва уларни Ғарб ОАВлари орқали тарқатади”, деди Озодлик билан суҳбатда Украина тараққиёти Биринчи халқаро фонди директори, сиёсатшунос Николай Волковский.
Шундай бўлса-да, эксперт фикрича, Резников вазир сифатида муҳим устунликка эга эди – “у бир қанча мамлакатлар мудофаа вазирлари билан дўстона муносабатда бўлиб, бу Украинага ижобий натижа келтирарди”.
Алоқаларни аввалги даражада сақлаш учун янги мудофаа вазирида зарур барча хислатлар мавжуд. “Энди Умеров Рамштайн форматидаги учрашувларда мудофаа вазирлари билан қанчалик илиқ ва сермаҳсул мулоқот қилишини кузатиш қолди”, қўшимча қилади Волковский.
“Рустем Умеров АҚШ, Европа ва Осиё сиёсатчилари билан яхши таниш. Уларнинг мантиғини, фикрлаш тарзини ва муаммоларни ҳал қилиш усулларини билади. Бу жуда муҳим, чунки Украина Қуролли кучларини материал-техник таъминлаш билан айнан Мудофаа вазирлиги шуғулланади. Иттифоқчилар ва потенциал иттифоқчилар билан музокараларда уларнинг тилидагини тинглаш камлик қилади, дилларида нима борлигини уқа билиш ҳам керак”, дейди Евгений Сависько.
Озодлик суҳбатдошига кўра, асосий эътибор Осиё йўналишига қаратилади. “Украинанинг АҚШ ва Европадаги ҳамкорлар билан алоқалари бир қадар йўлга қўйилган бўлса, Осиёда ишлари пачава. Ташқи ишлар вазирлиги Осиё мамлакатларини ўз томонига оғдира олмади. Ҳолбуки имкониятлар бор эди, ҳозир ҳам бор. Рустем Умеров Туркия президенти ҳамда Саудия Арабистони қироли оиласи вакиллари билан шахсан таниш. Боз устига, у мусулмон, Шарқда эса кишининг диний эҳтиқоди ниҳоятда муҳим омил саналади”, урғулайди Сависько.
Эксперт фикрича, янги вазир олдидаги асосий вазифалар – “Эрдўғонни Путинни дастаклашдан тийиб туриш, Россия ва Эрон иттифоқига расмий ва норасмий каналлар орқали тўсиқ қўйиш, Шарқда иттифоқчилар топиш ва улардан нафақат гуманитар, балки ҳарбий-техник ёрдам олишга эришишдан иборат”.
Рустем Умеров 41 ёшда. У Ўзбекистонда, Сталин режими томонидан 1944 йилда Ўрта Осиёга депортация қилинган қримтатар оиласида туғилган. 90-йиллар бошларида унинг оиласи Қримга қайтган. Умеров иқтисод соҳасида таҳсил олган, инвестициялар ва телекоммуникация бизнесида фаолият юритган, айни чоғда жамоат ишлари билан шуғулланган. 2007 йилда “Қрим татар юртдошлар уюшмаси”ни ташкил қилишда иштирок этган. 2007 йилдан 2019 йилгача қримтатар халқи лидери Мустафо Жамилевнинг маслаҳатчиси бўлган.
Умеров 2019 йилда, “Океан Эльзи” гуруҳи хонандаси Святослав Вакарчук асос солган “Голос” партиясидан Украина Олий радасига депутат бўлиб сайланиш билан катта сиёсатга кириб келди. 2021 йилда “Қрим платформаси” бирлашмаси раисдоши бўлди. 2022 йил сентябрда эса Умеров Украина Давлат мулки фондига раис этиб тайинланди.
Тўлақонли уруш бошлангунга қадар Умеровнинг сиёсий фаолиятини асосан Қрим билан боғлиқ масалалар ташкил этарди, дейди Филипп Орлик номидаги Демократия институти эксперти Наталья Белицер.
“2014 йил 27 февралдан сўнг Умеров Киевда оккупацион маъмурият таъқиби туфайли яриморолни тарк этишга мажбур бўлган Украинага содиқ қримликларга кўмаклашувчи координация марказини ташкил этишда қатнашди. 2019-2022 йилларда у Инсон ҳуқуқлари, вақтинча оккупация қилинган ҳудудларни оккупациядан озод этиш ва қайта интеграция қилиш қўмитаси котиби сифатида депутатлик фаолиятини олиб борди, айни чоғда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қошида тузилган Қрим ва Севастополни оккупациядан озод қилиш бўйича давлат стратегиясини ишлаб чиқиш гуруҳи аъзоси ҳам эди. У асосан Қрим ва қримтатарларга оид 100 га яқин қонун лойиҳалари, қарорлар ва мурожаатларни ишлаб чиқишда иштирок этган”, дейди Белицер.