Украина разведкаси: Россия январь-февраль ойларида бостириб кириши мумкин

Россиялик ва беларуслик ҳарбийларнинг шу йил сентябрь ойида ўтказган "Ғарб" машқларидан лавҳа

Россия Украинага қарши фаол ҳарбий ҳаракатларни келгуси йилнинг январь ёки февраль ойида бошлаши мумкин. Бу ҳақда “Military Times” нашрига берган интервьюсида Украина Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов маълум қилган.

Будановга кўра, ҳозирда Россия Украина билан чегарада 92 мингдан зиёд аскар тўплаган. Унинг айтишича, қиш келиб, совуқ кунлар бошлангач, Россиянинг бостириб кириши хавфи фақат ортади.

Украина разведкаси раҳбари Россия қўшинлари бу сафар 2014 йилдагидан кўра кенгроқ кўламда ҳаракат қилиши мумкинлигини айтган. Буданов фикрича, ҳужум чоғида ҳаводан зарбалар берилиши, Одесса ва Мариуполга десант ташланиши, шунингдек Беларусь тарафидан зирҳли техника ишга солиниши мумкин.

Аммо, ҳарбий разведка бошлиғига кўра, Россия бостириб киришдан олдин, Украинанинг жанговар қобилиятига путур етказиш мақсадида “психологик амалиётлар” ўтказиб, мамлакатда тартибсизликлар чиқаришга ҳаракат қилади.

Россиянинг Украинага ҳужум қилиши эҳтимоли хусусида аввалроқ АҚШ медиаси ҳам хабар қилган эди. Айни пайтда нашрларнинг разведка ва Оқ уйдаги манбалари Кремль ҳозирча якуний қарорга келмаганини билдиришган.

Бир неча кун аввал “New York Times” газетаси Владимир Путин Украина ҳудудининг катта қисмини босиб олиш ёки мамлакатда беқарор вазиятни вужудга келтириш ва россияпараст ҳукумат иқтидорга келишига эришиш учун ҳарбий амалиёт ўтказишни режалаётганига АҚШ ва Британия разведка хизматларининг ишончи тобора ортаётгани ҳақида ёзган.

Кремль Украина ҳудудига бостириб киришга ҳозирлик кўрилаётганини рад этиб, ўз навбатида Ғарбни тарангликни кучайтираётганликда айбламоқда. Путин ўтган ҳафта ТИВ ҳайъати йиғилишида Россия Ғарбдан ўз хавфсизлигига кафолат олиши лозимлигини айтган.