Россия президенти Владимир Путин 25 май куни Украинанинг Херсон ва Запорож вилоятлари аҳолисига енгиллаштирилган тарзда Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Фармонга асосан, бу икки вилоят аҳолиси Москва мустақил давлат сифатида тан олган Донецк ва Луганск вилояти аҳолисига тенглаштирилган ва уларга тез орада Россия фуқаролиги берилади.
Украинанинг Херсон вилоятининг катта қисми, жумладан, вилоят маркази ва Запорож вилоятининг ярми Россия армияси томонидан босиб олинган. Запорож шаҳри Украина назорати остида қолмоқда.
Украинага уруш очилганидан сўнг Путин ва Кремлнинг бошқа расмийлари украин ҳудудини оккупация қилиш асосий мақсад эмаслигини айтганлар. Бироқ Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда Россияга бўйсундирилган маъмуриятлар ташкил этилди.
Мазкур ҳудудларда Россия томонидан тайинланган ҳокимлар Херсон ва Запорож вилоятлари Россия таркибига қўшиб олиниши шартлиги тўғрисида баёнот бера бошладилар.
Запорож ва Херсон вилоятининг босиб олинган ҳудудларига ташриф қилган Кремль расмийлари “бу икки ҳудуд Россия оиласи билан умрбод бирга бўлиши” ҳақида гапирдилар.
2014 йилда босиб олинган Қрим ҳукумати эса ўз ҳудудида Украина фуқароларига Россия паспортларини берувчи марказлар ташкил қилиниши ҳақида баёнот берди.
Ўзларини мустақил давлат сифатида эълон қилиб олган Донецк ва Луганск вилоятлари аҳолисига Россия фуқаролигини енгиллаштирилган тарзда бериш 2019 йилда бошланган эди.