Украина Россия ҳудудига зарба беришда илк бор Storm Shadow ракеталаридан фойдаланган бўлиши мумкин

Украина армияси Россияга ҳужум учун илк бор Британиянинг Storm Shadow ракеталаридан фойдаланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ҳамда Британиянинг The Guardian нашри ва Би-би-си хабар қилган.

Нашрлар ракета зарбаси ҳадафи қайси жой бўлганига аниқлик киритишмаган, бироқ улар нишонлардан бири Курск вилоятидаги Россия президенти ишлари бошқармаси оромгоҳи бўлганини тахмин қилишмоқда. У ердаги ерости бункерида Россия қўшинлари қўмондонлик пунктларидан бири жойлашган бўлиши ҳамда у ерда шимолий кореялик ҳарбийлар ҳам бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Украинанинг Defense Express нашри.

Storm Shadow ракеталари ишлаб чиқариладиган Буюк Британия расмийлари бу маълумотни расман тасдиқлаганлари ҳам, инкор қилганлари ҳам йўқ. Бош вазир Кир Стармернинг вакили Тhe Guardian нашри билан суҳбатда тезкор тадбирларга оид масалаларга изоҳ бермаслигини айтган.

Аввалроқ Британия нашрларида Лондон Киевга Россия ҳудудига зарба беришда бу ракеталардан фойдаланишга норасмий равишда рухсат бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Украинага етказиб берилган Storm Shadow ракеталари олдинроқ украиналик ҳарбийлар томонидан Россия томонидан ишғол этилган Украина ҳудудларига зарба бериш учун фойдаланилган эди.

Куни кеча АҚШ Украинага Россия ҳудудига зарба беришда ўзининг ATACMS баллистик ракеталарида фойдаланишга изн бергани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Россия Мудофаа вазирлиги Украина Қуролли кучлари сешанбага ўтар кечаси Брянск вилоятидаги объектга олтита шундай ракета билан зарба берилгани ҳақида маълумот тарқатган.