Украина тергов идоралари, ғарблик экспертлар ва журналистлар Россия содир этган муҳтамал ҳарбий жиноятлар далилларини тўплаш, ҳужжатлаштириш ва каталог қилиш устида иш олиб боришмоқда. Расмийларга кўра, ўтган уч йил ичида сон-саноқсиз ҳужжат йиғилган.
Бу жиноятлар судда кўриб чиқилишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Россия айбловлар бўйича текширув ўтказмайди, қайтага мудҳиш жиноятлар гумондорларига иззат-ҳурмат кўрсатади. Россия тан олмайдиган, Вашингтон камситадиган Халқаро жиноят судининг нуфузи тобора тушиб кетмоқда.
Шунга қарамай украин терговчилари ва Украинанинг Ғарбдаги тарафдорлари далиллар йиғишда давом этишаётир. Ҳозиргача жами 153 мингдан ортиқ жиноят ишлари очилган.
“Уларни суднинг қора курсисига ўтқизиш вақт масаласи, холос. Бунга йиллар керак бўлиши мумкин, аммо бунақа ишлар асло унутилмайди”, дейди Украина Бош прокуратурасининг ҳарбий жиноятлар бўйича терговчиси Юрий Белоусов.
Қуйида Россия томонидан да содир этилган беш энг мудҳиш жиноятни санаб ўтамиз.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Урушнинг 1000-куни: Буча қирғинига доир янги тафсилотлар
Болалар қаёққа ғойиб бўлди?
Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан қўзғатилган дастлабки иш Россия ишғол қилган ҳудудлардан украин болаларини ташкилий равишда олиб чиқиб кетиш кампаниясига қарши қаратилган эди.
2023 йил 17 мартда суд “болаларнинг ноқонуний депортацияси учун” Владимир Путинни ҳамда Россиянинг болалар омбудсмани бўлмиш Мария Львова-Беловани қамоққа олишга ордер берди.
Украина ҳукумати маълумотига кўра, 20 мингга яқин бола бедарак йўқолган ёки муҳтамалан Россияда тутқунликда сақланмоқда.
Ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва украин терговчилари Россия босиб олган украин ҳудудларидан болалар оммавий олиб кетилганини ҳужжатлаштиришган.
Россия мулозимлари одатда бу жиноятни болаларни урушдан муҳофаза қилишга қаратилган эзгу иш деб кўрсатишга уринишади. Бироқ кўп ҳолларда Россия ҳукумати украин фарзандларининг ота-оналарини, қариндошларини ёки қонуний васийларини мутлақо суриштирмаган.
Боз устига, тергов маълумотига кўра, Россия томони украин болаларини “мажбуран фарзандликка бериш ёки тарбиялаш учун топшириш тизимли дастури”ни амалга оширган. Бир қанча болалар Беларусдаги ёзги дам олиш лагерларига жўнатилган ва у ерда Россия пропагандаси руҳида тарбияланган.
Кўчалардаги жасадлар
Босқиннинг илк ҳафталарида Россия армияси Украинада қаттиқ қаршиликка дуч келиб оғир аҳволда қолди. Натижада март ойи охирларида бўлинмаларга чекиниш ва қайта гуруҳланиш буйруғи берилди.
Рус қўшинлари чекингач, Буча шаҳрида отиб ўлдирилган юзлаб тинч фуқароларнинг жасадлари топилди. Айрим жасадлар қўллари боғлиқ ҳолда эди. Мурдалар ертўлаларга ёки овлоқ жойларга ташлаб кетилганди. Қўшни Изюмда эса ўнлаб янги қабрлар аниқландики, уларнинг аксарида отиб ўлдирилган тинч аҳоли вакиллари дафн қилинганди.
Буча ва Изюмдаги манзаралар дунёни ларзага солди, Украинани қўллаб-қувватлаш ҳаракатига куч берди. Москва эса, табиийки, бу қатлларга рус ҳарбийларининг дахли борлигини қатъиян рад этди.
Бироқ далиллар ҳарбий жиноятлар юз берганини рўй-рост кўрсатди. Украина ҳукумати Бучадаги жиноятлар учун Россиянинг 21 нафар ҳарбий хизматчисига нисбатан айблов эълон қилганини билдирди.
Буча қирғини акс этган фото ва видеолар ёйинланганидан бир неча ҳафта ўтиб Путин 64-алоҳида мотоўқчи бригадасига 64-гвардия бригадаси унвонини бериш ҳақида фармон имзолади. Буча ва унга туташ ҳудудларни худди шу бўлинма эгаллаб турган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик Бучада: Бедарак кетган ўзбеклар изидан
Фуқаровий инфратузилмага зарбалар
Яшин тезлигида урушиш режаси барбод бўлгач Россия босқин режасини ўзгартирди. Янги қўмондон, генерал Сергей Суровикин кенг кўламли ракета ҳужумлари ва ҳаводан зарбаларни ҳарбий объектлардан Украинанинг фуқаровий инфратузилмасига қаратишни буюрди.
“Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожин исёнидан сўнг Суровикин қўмондонликдан олинган бўлса-да, унинг стратегияси яшади.
Россия қанотли ва баллистик ракеталар, камикадзе дронлар ва бошқа қуроллар билан Украина инфратузилмасига зарбалар ёғдирдики, бундан, расмийлар фикрича, аҳолининг руҳини синдириш ва ҳолдан тойдириш мақсад қилинганди. Қиш фаслида украинларни совуқда қолдириш учун электр станциялари, трансформаторлар ва узатиш линияларига муттасил зарба берилди.
Ўтган йилнинг мартида Ҳаага суди генерал-лейтенант Сергей Кобилаш ва адмирал Виктор Соколовнинг қамоққа олинишига ордер берди: улар электр станцияларига йўналтирилган ҳаво зарбалари кампаниясига бошчилик қилишгани учун ҳарбий жиноятларда айбланди.
Халқаро гуманитар ҳуқуқ уруш чоғида, агар қонуний ҳарбий сабаблар бўлмаса, фуқаровий нишонларга зарба беришни тақиқлайди. Масалан, электр станцияси у ерда ҳарбий бўлинма ёки қуроллар яширинган бўлсагина қонуний ҳадаф бўлиши мумкин.
Жанг майдонидаги қатллар
2022 йил декабр ойи охирида Украинанинг 119-бригадаси аскари Александр Мациевкий Бахмут шаҳри учун бўлган жанглар чоғида бедарак йўқолади. Орадан уч ой ўтиб Россия телеграм-каналларида 12 сонияли видео чиқди: видеода Мациевский рус аскарлари қаршисида тик турганча ҳорғин сигарет чекиб тургани, россияликлар эса уни масхара қилишгани ва асир “Слава Украине” дея хитоб қилганидан сўнг отиб ўлдиришгани акс этганди.
Мациевский миллий қаҳрамон деб эълон қилинди. Украина ҳукумати ва экспертлар унинг қатл этилишини ҳам ҳарбий жиноят деб ҳисоблади.
Халқаро ҳуқуқ ҳарбий асирларни қатл қилишни ман этади, асирлар Женева конвенцияси ҳимоясида бўлиб, ушбу халқаро шартномани Россия ҳам, Украина ҳам имзолаган.
БМТ қайдларига кўра, 2022 йил февралдан бери Россия ҳарбийлари камида 71 нафар украин асирини қатл қилганлар, камида 21 нафар асир Россия қамоқхоналарида ўлган. Яна юзлаб одамлар рус аскарлари томонидан қийноққа ва жинсий зўравонликка учраганларини айтганлар.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Россияликлар Буча қирғини ҳақида нима билишади?
Темир йўл вокзалидаги ҳудкушлик
2022 йил 8 апрел куни Донбассдаги Краматорск шаҳри темир йўл вокзалида юзлаб одам эвакуацияни кутиб турарди. Шу аснода станцияга кассетали бомбалар жойланган ракета тушиб, портлади. Кейинроқ у “Точка-У” баллистик ракетаси эканини аниқладилар.
Портлаш оқибатида камида 58 киши ўлди, 100 дан зиёд одам яраланди. Бу тўлақонли босқин бошидан бери украин тинч аҳолисига қарши энг мудҳиш ҳужумлардан бири бўлди.
“Точка-У” тизимли қуроллар Украинада ҳам бор, Россияда ҳам. Бироқ далиллар ракетани айнан Россия армияси қўллаганини кўрсатарди. Кремл, албатта, тан олмади ва рус ҳарбийлари ушбу тизимдан фойдаланмаганини иддао қилди.
Халқаро гуманитар ҳуқуқ фуқаровий шахсларга ёки фуқаровий инфратузилмага қасддан ҳужум қилишни тақиқлайди ва қўмондонлардан шунақа турдаги объектларга ҳужум қилмаслик чораларини кўришни талаб қилади.
Бу фуқаровий объектларга ҳужум ўнлаб тинч аҳоли ўлимига олиб келган ягона ҳолат эмас. 2024 йилнинг июлида Россиянинг ракета зарбаси натижасида Киевдаги “Охматдет” болалар шифохонаси ҳам вайрон қилиниб, бир қанча инсон нобуд бўлган эди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари 2022 йил февралдан май ойигача давом этган Мариупол шаҳри қамалини ҳам ҳарбий жиноят деб ҳисоблашади: ушбу қамалчоғида минглаб тинч аҳоли ўлдирилган ёки яраланган, юз минглаб одам сувсиз, электрсиз қолиб кетганди.
БМТ баёнотида айтилишича, 2022йил февралдан бери Украинада 12 600 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган, 2024 йилда тинч аҳоли орасида қурбонлар сони 2023 йилга нисбатан кескин ошган.
Украинанинг ҳарбийжиноятлар бўйича терговчиси Белоусов тергов органлари кўп ҳолларда ҳарбий жиноятлар сирасига кирувчи бошқа хавфга дуч келишаётганини таъкидлайди:
“Россия қўшинлари кўпинча “қайта босиш” дейиладиган зарбаларни қўлламоқда, яъни улар бирон жойга ҳужум қилишади, кейин қутқарувчилар, полиция ва прокурорлар етиб боргунича 30-40 дақиқа кутиб, сўнг худди ўша ерга янги зарба йўллашади. Мана шундай қайта зарбалар оқибатида кўп одамларимизни йўқотдик, ҳарбий жиноятларни ҳужжатлаштириш чоғида яраланганлар ҳам анчагина”, дейди у.