Бир қўлда қуролу бир қўлда қалам. Украиналик тарихчиларнинг Путинга қарши уруши

Вахтанг Кипиани Украина қуролли кучлари униформасида.

Украиналик тарихчилар, архивчилар ва тарих илмини оммалаштирувчилар Путин Россиясидан ҳеч қачон яхшилик кутишмаган. Уларнинг кўпчилиги Қрим аннексиясини ҳам, икки мамлакат ўртасида ҳақиқий уруш бўлишини ҳам олдиндан кўра олган.

Эндиликда эса, буларнинг бари воқеликка айлангач, олимлар ҳам мамлакат ҳимоясига отланишди. “Настояшчее время” каналининг доимий муаллифларидан бири, тарихчи Эдуард Андрюшченко тарихчилар Украина мудофаасига қандай ҳисса қўшаётгани ҳақида ҳикоя қилади.

Китоб ўрнига қурол

2022 йил 24 март санасида Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси Россия босиб олган ҳудудларда ҳарбий полиция кутубхоналардан украинларнинг мустақиллик учун курашига, Майдон воқеалари ва Донбассдаги урушга бағишланган китобларни териб олаётгани ҳақида маълум қилди.

“Истилочилар Мазепа, Петлюра, Бандера, Шухевич, Черновол исмлари учраган ҳар қандай китобни тортиб олишяпти. Кременная, Рубежное (Луганск вилояти), Городня (Чернигов вилояти) шаҳарларида Вахтанг Кипианининг “Василий Стус иши” номли китоби олиб қўйилиши ҳолатлари қайд этилган”, дейилади раведка хабарномасида.

“Василий Стус иши” русларнинг “қора рўйхати”га тушгани бежиз эмас. Бу китобнинг нашр этилиши Украинада катта воқеа бўлган эди. Василий Стус – совет тузумига мухолиф бўлгани учун икки марта қамалган ва 1985 йили қамоқда вафот этган украин диссидент шоиридир. Журналист Вахтанг Кипиани китобни шоирга қарши қўзғатилган иккинчи жиноят иши асосида ёзган. Ўша ишда Стусга ҳозирда машҳур россияпараст сиёсатчи ва Путиннинг “ақрабоси” ўлароқ танилган Виктор Медведчук адвокатлик қилган эди. 2019 йили, китоб чоп этилганидан сўнг Медведчук Кипиани ва нашриётни судга бериб, “Василий Стус иши”ни сотувга чиқаришни тақиқлашни талаб қилди. Сиёсатчининг эътирозлари китобда ўз номи бир неча жойда салбий мазмунда тилга олинганига, хусусан, у адвокат ўлароқ шоир Стусни ҳимоя қилиш тугул, қайтага унга зарар етказгани ҳақидаги маълумотларга эътироз билдирган эди. Медведчук биринчи инстанция судида ютиб чиқди, аммо апелляцияда мағлуб бўлди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Депутат: "Бир мамлакат иккинчисига ҳужум қилган пайтда бетараф туриш ахлоқан нотўғри..."

Суд муҳокамалари давом этаркан, китоб россияпараст кучларга қарши кураш байроғига ва биринчи рақамли миллий бестселлерга айланди. Россия Украинага бостириб кириши арафасида кўпчилик Медведчук тимсолида Кремлнинг Киевдаги бўлғуси қўғирчоқ ҳукумати раҳбарини кўрган эди. Аммо ҳозирда бунақа эҳтимол йўқ ҳисоби: Украина қулайдиганга сира ўхшамайди, Медведчук эса давлатга хиёнат айблови билан ҳибсда ўтирибди.

У билан судлашган Вахтанг Кипиани уруш бошланган куниёқ Киевни қўриқлаётган 112-ҳудудий мудофаа бригадаси сафига қўшилди.

Урушнинг илк кунларида у ўзи ташкил қилган норасмий музей-архив хавфсизлигини таъминлашдек муҳим вазифани масофадан бажаришига тўғри келди. Бу ўн минглаб нусхадаги матбуот нашрлари ва китоблардан иборат коллекция бўлиб, масалан, украин диаспоралари чиқарган нашрлар ва “самиздат” китоб-газеталар бўйича ҳатто энг йирик давлат музейларидан ҳам бой. Кипиани тўплами ҳозирда хавфсиз жойда сақланмоқда ва унга ҳеч бир қурол зарар етказа олмайди.

Украин тарихчилари рўйхатида мамлакат ҳимояси учун қўлига қурол олган бошқа машҳур исмлар ҳам бор.

Киев миллий университетининг тарих факультети декани Иван Петриляк. Украинада декоммунизация ва КГБ архивлари очилиши ташаббускорларидан бири, халқ депутати Владимир Вятрович – у парламентдаги ишидан ортиб, ҳудудий мудофаа позицияларида навбатчилик ҳам қилмоқда. Украина миллий хотира институти директори Антон Дробович. “Хортица” миллий қўриқхонаси бош директори Максим Остапенко. Донецк аэропортидаги жанглар қаҳрамони, археолог Вячеслав Зайцев. Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) архиви директорининг собиқ муовини, совет махсус хизматлари тарихи билимдони Владимир Бирчак.

Тарихчи Андрей Когут.

Уруш бошланганидан сўнг Бирчак барча илмий-маърифий лойиҳалардаги иштирокини вақтинча тўхтатиб, она шаҳри Тирасполь ҳудудий мудофаасига қўшилди – ҳозирда у Украина Қуролли кучлари (УҚК) 105-ҳудудий мудофаа бригадасида хизмат қилмоқда. Тарихчининг махсус хизматлар архивидаги ғаройиб топилмаларга бағишланган телеграм-каналида энди фақат уруш хабарларию Россия армияси талафотларига доир маълумотлар бериляпти. Обуначиларнинг бир қисми – россияликлар, Владимир рус ҳарбий цензураси шароитида унинг канали лоақал баъзиларнинг кўзини очишига умид қилади.

“Путинни ғазаблантирадиган нарсалар”

“Биз Путиннинг ғазабини қўзғатадиган нарсалар учун ҳам курашяпмиз: Украинадаги ислоҳотлар, хусусан, декоммунизация учун. Архивлари очилиши учун. Қонхўр коммунистлар номи ўчирилиб, украин қаҳрамонлари исми ёзилган кўчалар учун. Ҳақиқий тарих, жумладан, Иккинчи жаҳон урушининг чин тарихи учун”, дейди Бирчак.

Кўплаб тарихчилар шу кунларда турфа сўзлар билан тахминан бир фикрни билдиришмоқда: мазкур уруш, жумладан, украинларнинг ўзлиги учун ҳам бўляпти, тарих эса миллий ўзликнинг пойдеворидир.

Россия босқинининг расман эълон қилинган мақсадларида тарих тўғрисида лом-мим дейилмади. Бироқ Путиннинг урушдан олдин Украина ҳақида айтган гапларини эшитган одам қўшни мамлакатда ўтмиш воқеалари ўзгача талқин этилиши унга қанчалар алам қилишини дарров англайди.

30 мартда Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин тобеларига Украина тарих дарсликлари мазмунини ўрганишга буйруқ берган эди. Бастрикин фикрича, бу дарсликлар “тарихни бузиб кўрсатади” ва “болаларда Россияга ҳамда рус тилига нафрат уйғотади”. У “юритувдаги жиноят ишлари тергови доирасида” бу масалага ҳуқуқий баҳо беришга топшириқ берган.

“Коллектив Путин”нинг тарихий кўзқарашлари Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда тезда ўзини кўрсатди. Украина шаҳарларида Россия мафкурасига ёт китоблар мусодара қилинмоқда, қизил байроқлар кўтарилмоқда, совет даври номлари қайтариляпти.

Кремль ва унга хизмат қилувчи олимлари “Украинада нацизм гумашталари улуғланади, бунга чора кўриш керак”, дея иддао қиладилар. Бироқ амалда на “нацист”, на уларга “гумашта” бўлган сиймолар хотирасини ҳам ўчиришга уринишлар бўлмоқда. Херсон вилоятида рус босқинчилари диссидент ва сиёсатчи Вячеслав Черновол ёдгорлигини яксон қилишди. Қозонда украин тарихчилиги “отаси” ва Марказий Рада раҳбари Михаил Грушевский шарафига ўрнатилган хотира тахтаси бузиб ташланди. Роскомнадзор эса 1997 йилда нашр этилган Украина халқ ҳаракати партияси ҳақидаги китобнинг электрон нусхасини жойлаштиргани учун Украина тарих институти сайтини блоклаш билан таҳдид қилди.

Қўлёзмалар ёнади, лекин уларнинг фидойилари бор

Тарихни том маънода қутқариш масъулияти украин архивчилари ва музейчилари зиммасига тушган. Ҳужжат ва экспонатларни шаҳарларга бостириб кирган рус аскарларидан, уларнинг бомбаларидан асраш керак.

Уруш давомида Харьков, Николаев ва Лисичанскдаги давлат архивлари биноларига шикаст етди, аммо ҳужжатлар сақлаб қолинди. УХХнинг Чернигов вилояти бошқармаси архиви эса, афсуски, бино билан бирга кул бўлди.

Архив ва музейлар ходимлари тарихий меросни сақлаб қолиш учун бутун кучларини ишга солишган. Аммо улар хавфсизлик нуқтаи назаридан, ОАВлар билан мулоқот чоғида батафсил маълумот беришдан тийилишади.

“Вақти келиб сизларга жасур ҳамкасбларимиз ва ҳужжатларни қандай сақлаб қолганимиз ҳақида сўзлаб бераман. Миллий архив фонди ҳужжатларини ўқ ёмғири остида хавфсизроқ жойга кўчиришга ёрдам берганимизда қувончдан йиғлаган иш юритувчилар тўғрисида ҳикоя қилиб бераман. Уруш бўлишига қарамай бизга бажонидил ёрдам берган ва маданий бойликларимизни сақлаб қолишга бош-қош бўлган маҳаллий раҳбарларга тасанно”, деб ёзди Facebook’да Украина давлат архив хизмати бошлиғи Анатолий Хромов.

Унинг сўзларига кўра, Украина архивларида Россия босқинига қарши курашга бағишланган махсус фондлар яратиш бўйича иш аллақачон бошланган.

УХХ Давлат соҳавий архиви директори Андрей Когут уруш бошланган пайтда АҚШда эди. У Стэнфорд университети архивини бир неча ой “титкилаб”, Ғарбий Украина аҳолисининг 1947 йилда Россиянинг олис ҳудудларига оммавий депортация қилинишига (“Ғарб” махсус амалиёти) доир ҳужжатларни ўрганган.

24 февраль куни Когут Иллинойс университетида Украинанинг хотира сиёсати ҳақида маъруза ўқиди. Россия босқини бошлангани сабабли аудитория уни диққат билан тинглади. Аммо америкалик талабаларнинг айрим саволлари ва луқмалари Когутни қаттиқ ранжитди. Чунончи, бир талаба Россия ўзи билан НАТО ўртасида буфер зона бўлишига тамомила ҳақли эканини айтади. Тарихчининг сўзларига кўра, АҚШда талабалар тугул, ҳатто кўплаб олимлар ҳам Украина ва унинг тарихи тўғрисида ўта саёз тасаввурга эга. Айримлар Россиянинг “уч биродар халқ” ҳақидаги империяча афсоналарига чин дилдан ишонишади.

“Мана, уруш бошланганидан бери янгиликлар дастурлари Украина мавзусидан ортгани йўқ. Украина Россия эмаслигини улар лоақал энди англагандирлар деб умид қиламан”, дейди архив директори.

Уруш Когутни илмий сафардан барвақт қайтишга мажбур қилди. У архивга иш жойида раҳбарлик қилиш учун Украинага қайтди.

УХХ архиви директори фикрича, декоммунизация жараёнида махфийликдан чиқарилган КГБ ҳужжатлари – реваншист кайфиятидаги шимолий қўшнига қарши ўзига хос “антидот”дир.

“Босқин олдидан Путин ўз нутқида декоммунизацияни тилга олгани бежиз эмас: у Россиянинг Украина каби, совет ўтмишини қайта англаш йўлига киришидан ўлгудек қўрқади ва жон-жаҳди билан бунинг олдини олишга уринмоқда. Қиладиган ишимиз ҳали кўп: маълум бўляптики, совет режимининг жиноятлари ҳақида гапиришнинг ўзи етарли эмас. Собиқ СССР ҳудудида совет ҳокимиятининг асл қиёфаси холис англанмас экан, биз тарихий афсоналарга асосланиб ўша империяни тиклашни хоҳловчиларнинг таҳдидларига дуч келаверамиз”, дейди у.

“Биз худди шуни деб урушяпмиз”

Украинанинг тарихий мавзуларни ёритувчи энг машҳур ютуб-канали “Ёлғонсиз тарих” деб аталади. Салкам 300 минг обуначиси бор ушбу каналда илгари ҳафтасига иккита лавҳа намойиш этиларди. Уруш бошланганидан бери янги видеолар чиқмай қўйди: “Ёлғонсиз тарих” асосчиси Владлен Мараевга кўра, лойиҳанинг барча аъзолари ҳозирда украин армиясига кўнгилли ёрдам бериш билан банд – суратга олиш, монтаж қилишга қўллари тегмайди.

Аммо март ойи охирларидан канал одатдаги видеолар ўрнига Мараевнинг маърузаларидан жонли ёйинлар қила бошлади – бунга кўп куч ва вақт сарфлаш керак бўлмайди.

Маърузалар мавзусини бугунги кун воқеалари белгилаб беради. Биринчи маъруза Чеченистоннинг Россиядан мустақил бўлиш учун кураши тарихига бағишланди – бу Рамзан Қодиров ва шотирларининг уруш чоғидаги медиафаоллигига жавоб тариқасида тайёрланган эди. Мараев ўз маърузасида қодировчилар билан озодлик учун курашган асл чечен ўғлонлари ўртасидаги тафовутни чиройли тарзда тушунтириб берди. Иккинчи маърузада эса олим замонавий Россиянинг Украинага нисбатан шовинистик сиёсати илдизларидан баҳс этди. Мараев бошқа кўплаб фидойи блогерлар сингари украин армияси эҳтиёжлари учун хайриялар йиғади ва жонли ёйинларида обуначиларини шунга даъват этади.

Харьковлик Владислав Яценко ўзининг “Тарихий вебинар” номли ютуб-каналида Украина, Польша,Беларусь ва Литва тарихчиларининг онлайн-маърузаларини эълон қилиб боради. “Ҳаёт давом этади, ўзликни, шу жумладан тарихий ўзликни асраб-авайлаш керак” – у Россия босқинидан сўнг лойиҳани нега тўхтатмасликка қарор қилдингиз, деган саволга шундай жавоб беради.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Украина омбудсмани: 5 босқинчи томонидан жинсий зўрланган 14 яшар қиз ҳозир ҳомиладор

26 февралда Яценко поляк тадқиқотчиси Агата Клечковская билан Будапешт меморандуми ҳақида вебинар ёзди. Бу мавзу Украина аҳли ва, умуман, ушбу мамлакат тақдирига бефарқбўлмаган барча учун ниҳоятда қизиқ. Зеро, Будапешт меморандумида ядровий қуролдан воз кечиши эвазига Украина хавфсизлиги кафолатланган эди.

Владислав Яценко ҳам ўз видеоларида Украина қуролли кучлари учун пул хайрия қилишга чақиради ва ҳисоб рақамларни эълон қилади. Канал муаллифи март ойида янги видеоларни жойлашда пича қийналди – провайдер сервери жойлашган уй Россия бомбаларидан шикастланган экан.

Наталья Яковенко – тарих фанлари доктори, Киев-Могилян академиясининг тарих кафедраси мудири. Март ойи бошларида адабиётшунос Евгений Стасиневич ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида 79 ёшли Яковенконинг суратини эълон қиларкан, остига олима шу тобда Рим тарихига оид энг муҳим манбалардан бири – Тит Ливийнинг “Шаҳарнинг ташкил этилганидан кейинги тарихи” рисоласини таржима қилаётганини ёзди. Яковенко урушга олдидан бешта китобни нашрга тайёрлашга улгурган бўлса, ҳозирда йигирма тўққинчи китоб устида ишламоқда.

Стасиневич ўз постини қуйидаги сўзлар билан якунлаган: “Бир тасаввур қилинг-а, айни шу дақиқаларда Киевда кексайиб қолган бир ажойиб тарихчи аёл изчиллик билан Ливийни таржима қилмоқда. Шундай қилиш зарур зотан. Биз худди шунинг учун урушяпмиз”.