Россия Украинага бостириб кирганидан бери ўтган давр мобайнида 483 бола ҳалок бўлди, 989 бола яраланди. Бу ҳақда Украина Бош прокуратураси маълум қилди.
Жабрланган болаларнинг асосий қисми Донецк, Харьков ва Херсон вилоятларидадир.
“Бу якуний рақамлар эмас. Жанглар бўлган, вақтинча босиб олинган ва озод этилган ҳудудларда бу каби фактларни аниқлаш жараёни давом этмоқда”,-дейилади Бош прокуратура баёнотида.
БМТнинг билдиришича, 2022 йилнинг 24 февралидан 2023 йилнинг 8 майигача Украинада тинч аҳолидан 8791 кишининг ҳалок бўлгани ва 14 815 кишининг яралангани тасдиқланган. БМТ ҳисоботида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлиги таъкидланган.