Шойгу Путинга Марьинка босиб олинганини билдирди. Украина бу маълумотни рад этди

Марьинка шаҳри тўлиқ вайрон бўлган.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путин билан учрашуви пайтида Донецк вилоятидаги Марьинка шаҳри тўлиқ босиб олинганини билдирди.

Шойгуга кўра, Марьинканинг рус армияси назоратига ўтиши ортидан Украина артиллерияси Донецк атрофидан чекинишга мажбур бўлди. Путин бунга жавобан «Россия қўшинлари анча кенгроқ оператив майдонга чиқиш имкониятини қўлга киритди», деб айтди.

Украина Қуролли кучлари вакили Александр Штупун бу хабарга муносабат билдирар экан, Шойгунинг Марьинка тўлиқ босиб олингани тўғрисидаги баёнотини рад этди. Унга кўра, шаҳар учун жанглар давом этмоқда ва украин аскарлари шаҳар маъмурий чегараларидан чекинган эмас.

Би-би-сининг хабар беришича, Марьинканинг рус аскарлари назоратига ўтгани тўғрисидаги маълумот тасдиқланса, у ҳолда Россия армияси Новомихайловка ҳудудида украин армияси позицияларига зарба бериши мумкин. Бу ҳужум муваффақият билан якунланса, Россия Угледар йўналишда ҳужумга ўтиш имкониятини қўлга киритади. Угледар плацдарми Украина армияси учун муҳим аҳамиятга эга.

Уруш бораётган шароитда томонларнинг бу баёнотларини мустақил манбалардан тезкор тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас.

Марьинка Донецк жануби ғарбидан 10 километр масофада жойлашган. 2022 йил аввалида бу ерда тўққиз мингдан кўпроқ аҳоли яшаган. 2022 йил мартидан бери Марьинка атрофида Россия ва Украина армияси ўртасида қақшатқич жанглар бормоқда. Шаҳар тўлиқ вайрон бўлган.