Украина ҳукумати асир олинган рус ҳарбийлари тўғрисида маълумот берувчи “Оккупант” сайтини ишга туширди. Мазкур сайтдан Россия фуқаролари, жумладан, аскарларнинг оила аъзолари ва танишлари фойдалана олади. Сайтда асирга тушган Россия ҳарбийлари, уларнинг аҳволи ва айни пайтда қаерда экани тўғрисида маълумот берилади.
Россия Мудофаа вазирлиги 2 март куни илк бор ҳалок бўлган аскарлари тўғрисида маълумот берган эди. Москванинг билдиришича, Украинада 498 рус аскари ҳалок бўлган ва 1597 нафари яраланган.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби эса 5 март куни Россия Украинага бостириб кирганидан бери 10 минг рус аскари ҳалок бўлгани ва яралангани, 269 та танк, 945 та зирхли автомашина, 105 артилерия тизими, 50 та ракета-зенит тизими, 44 вертолёт ва 44 самолёт йўқ қилинганини билдирган.
Украина армияси кўрган талафотлар тўғрисида мустақил маълумотлар мавжуд эмас.