Украина президенти Владимир Зеленский 147 нафар жисмоний ва 303 та юридик шахсга нисбатан санкциялар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Улар орасида Ўзбекистондаги Akkermann Cement CA, «Оҳангаронцемент» АЖ, шунингдек, 1984 йилда туғилган Насиба Нарзиева ва 1980 йилда туғилган Шоҳрух Носирхўжаев ҳам бор.
Чекловлар активларни блокировка қилиш, мол-мулкни тасарруф этишни тақиқлаш, савдо операцияларини чеклаш, иқтисодий ва молиявий мажбуриятларни тўхтатиб туриш, қимматли қоғозлар билан операцияларни тўлиқ ёки қисман тақиқлаш каби кўплаб чораларни ўз ичига олади.
Фармонда таъкидланишича, Украина Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа давлатлар ваколатли органларини ушбу санкциялар қўлланилиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.
АҚШ ҳам 12 апрель куни юқорида номи қайд этилган Ўзбекистон ширкатлари ва фуқароларни, шунингдек, миллиардер Алишер Усмоновга яқин кўрилган шахсларни Россияга жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берган жисмоний ва юридик шахслар рўйхатига киритган эди. Улар:
Гулбаҳор Бурхановна Исмаилова —Ўзбекистон, Россия ва Кипр фуқароси, Алишер Усмоновнинг синглиси. Акаси билан The Sister Trust компаниясини бирга бошқаради. Исмоилова Европа Иттифоқи, Швейцария ва Буюк Британия санкциялари рўйхатига ҳам киритилган. Зуннур Исмоилов билан биргаликда Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторий асосчиларидан бири;
Гулноз Зуннуровна Кочарова — Ўзбекистон, Россия ва Кипр фуқароси. Кипр Almenor Holdings директори сифатида рўйхатга олинган;
Шоҳрух Олимжонович Носирхўжаев — Ўзбекистон фуқароси. У БААдаги Hamriyah Steel («Металлоинвест»га тегишли) пўлат прокат заводининг бош директори;
Нарзиева Насиба Эркиновна — Ўзбекистон фуқароси, Шоҳрух Носирхўжаевнинг рафиқаси;
Саодат Бурхоновна Нарзиева — Ўзбекистон фуқароси, Алишер Усмоновнинг синглиси ва Насиба Нарзиеванинг онаси.
Бундан ташқари АҚШ Молия вазирлиги ва Британия ҳукумати Алишер Усмоновнинг USM холдингига, жумладан, «Охангаронцемент”га санкциялар жорий этгани тўғрисида маълум қилинган эди.
Алишер Усмонов Россия президенти Владимир Путинга яқинлиги сабаб уруш бошланганидан бери бир неча бор ҳалқаро санкцияларга тушди.