Кремль украин режиссёри Олеҳ Сенцовнинг онаси илтимосини рад этди. Россия қамоқхонасида деярли уч ойдан буён очлик акциясини ўтказиб келаётган Сенцовнинг онаси 13 июлда Россия расмийларидан ўғлини афв этиб, озодликка чиқаришни сўраган эди.
14 август куни “Громадське телебачення” украин телеканали Людмила Сенцовага Кремль юборган жавоб хатини кўрсатди. Раддияда айбдор деб топилган шахс афв этилиши учун “шахсан ўзи шафқат қилишларини сўраши кераклиги” айтилади.
Сенцов сиёсий сабабларга кўра қамалганини ва ҳеч қандай жиноятга қўл урмаганини айтиб, уни афв этишларини сўрашдан бош тортиб келади.
Украина парламенти спикери ёрдамчиси Ирина Ҳерашченко (украиналиклар исм-фамилиялари украинча имлода берилаяпти -таҳр.) Кремль жавобини қоралаб, Россияда қамалган бошқа Украина фуқаролари, жумладан, Надиа Савченко, Ахтем Чийгоз ҳамда Илми Умеровлар расман афв этишларини сўрамасдан озодликка чиқарилганини айтди.
- Кремль алдаяпти! ... [Россия президенти Владимир] Путин Олеҳ [Сенцов] ҳеч қачон шафқат қилишларини сўрамаслигини билади, - деди Ҳерашченко.
- Россия Федерацияси Олеҳни охир-оқибат ўлдириш учун бундай йўл тутяпти.
Бу орада Россия президентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчи қўмитаси аъзоси Зоя Светова Озодликка берган интервьюсида қамоқда Сенцов билан учрашганини, унинг аҳволи очлик акцияси туфайли “ёмон” эканлигини айтди.
Светова 14 август куни Россия шимолидаги Лабитнанги шаҳридаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаёган Сенцов билан учрашиб, у билан икки соат давомида суҳбатлашган.
Сенцов Световага ўз аҳволи “ўта оғир бўлиш арафасида” эканлигини айтган.
- У ўз олдига қўйган мақсадига ишонади. Қўлидан келган барча ишни қилганини, энди ҳаммаси сиёсий қарорга боғлиқ эканлини айтди. Ҳозир у очлик акциясини давом этишдан бошқа чорам йўқ, деб ҳисоблайди, - деди Светова.
2015 йил Россия суди Кремлнинг ашаддий танқидчиси Сенцовни террорчиликда айблаб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилган. Сенцовни суд Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан сўнг, ярим оролда террор ҳужуми уюштиришга уринганликда айбдор деб топган.
42 ёшли Сенцов ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келади.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Сенцовга қўйилган айбловлар ортида сиёсий сабаблар турганига ишонади. Бир неча хорижий давлат расмийси Путинни Сенцовни афв этишга чорлаб келади.
Amnesty International халқаро ташкилоти Россия судининг ҳукми адолатсиз бўлгани ҳамда Олеҳ Сенцовга нисбатан тергов давомида қийноқлар қўлланилгани тўғрисида ишонарли далиллар борлиги ҳақида баёнот тарқатган.
Сенцов май ойи ўртасида ўзи сиёсий маҳбус деб ҳисобловчи 64 украина фуқароси озод қилинишини талаб қилиб, очлик эълон қилган. Фаол ўз мақсадига эришиш йўлида очликдан ўлишга тайёр эканлигини, ўз акциясини “охиригача давом эттиришини” айтган.
Ўтган ҳафтада Украина омбудсмени Людмила Денисова Сенцов умрини сақлаб қолиш учун тезкор чора кўриш кераклигини айтган эди.
9 август куни Денисова Facebookда Россия омбудсмени Татьяна Москалькова билан Сенцовнинг аҳволини муҳокама қилганини, уни сақлаб қолиш учун бир неча йўл таклиф қилгани ҳақида ёзди. Хусусан, Денисова Сенцовни Украинада қамалган Россия фуқаросига алмашишни таклиф қилган.
Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Ҳарлем Десир Twitterда Сенцовнинг оғир аҳволидан хавотир билдириб, уни озодликка чиқаришга чақирди.