Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар ҳарбий сафарбарлик эълон қилишди

Донецкдаги аэропорт (2015 йилда олинган сурат)

Донецк вилоятидаги россияпараст айирмачилар раҳбари Денис Пушилин ўз назорати остида бўлган ҳудудларда аҳоли ўртасида ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Унинг видеомурожаати 19 февраль куни эълон қилинган. Луганск вилоятидаги айирмачилар раҳбари Леонид Пасечник ҳам шу каби баёнот билан чиққан.

Пушилин айирмачилар назорати остидаги ҳудудлардаги “қўлида қурол тутишга қодир” эркакларнинг барчасига “ўз оиласи, Донбасс ва рус миллатига мансуб барча одамлар”ни ҳимоя қилиш чақириғи билан мурожаат қилган. “Донецк янгиликлар агентлиги” хабарига кўра, шанба куни эрталаб ДХРдаги депутатлар фавқулодда мажлис ўтказишиб, у ерда ҳарбий сафарбарликка оид қарор қабул қилишган.

“Луганск ахборот маркази”нинг хабар қилишича , ЛНР раҳбари Пасечник ҳам сафарбарликка оид фармонни имзолаган.

Аввалроқ айирмачилар аҳоли Россия ҳудудига олиб чиқилаётганини эълон қилишган эди. Россия президенти Владимир Путин Донецк ва Луганскдан келган ҳар бир қочқинга 10 минг рублдан тарқатишни буюрган. Шунингдек, айирмачилар назорати остидаги ҳудудлар билан чегарадош бўлган Ростов вилоятига фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи Александр Чуприян ва Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова йўлланган.

Ҳарбий сафарбарлик ва аҳоли эвакуацияси Донбассда вазият кескин таранглашгани манзарасида амалга оширилмоқда. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг махсус мониторинг миссияси сўнгги кунларда минтақада отишмалар сони кўпайганини қайд этган.

ЕХҲТ миссияси ҳисоботида ўтган кеча-кундузда Донецк вилоятида оташкесим тартиби 200 мартадан кўпроқ, Луганск вилоятида эса 700 мартага яқин бузилганини айтилган. Оташкесим бузилишида Украина армияси ва айирмачилар бир-бирини айблашмоқда. Айирмачилар иддаосича, Украина қўшинлари уларга ҳужум қилишга ҳозирланяпти. Киев буни қатъиян рад этмоқда.

Жума оқшомида Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудлари реинтеграцияси бўйича вазири Ирина Верешчук айирмачилар назорати остида бўлган ҳудудлар аҳолисини Киев назорати остида бўлган ҳудудга чиқиб кетишга чақирган. “Биз сизларни кутяпмиз. Биз яшайдиган жойингиз, ейдиган нарсангиз бўлиши учун, ўзингизни ёлғиз ҳис қилмаслигингиз учун барча шарт-шароитни яратиб берамиз”, деган украиналик вазир.