Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Олий радага истеъфо аризасини топширган. Бу ҳақда “РБК Украина” нашри Украина парламенти спикери Руслан Стефанчукнинг Фейсбукдаги ўз саҳифасида қолдирган постига таянган ҳолда хабар қилди. Стефанчукнинг ёзишича, Кулебанинг аризаси яқин кунларда ўтказилажак ялпи мажлислардан бирида кўриб чиқилади.
Аввалроқ бошқа вазирлар ва бош вазир ўринбосарларининг истеъфолари манзарасида Кулеба ҳам ишдан бўшатилиши мумкинлиги ҳақида “Украинская правда” нашри президент Зеленский атрофидаги манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган эди. Нашр суҳбатдошлари Кулебанинг ўрнига унинг биринчи ўринбосари Андрей Сибига келиши эҳтимоли кўпроқ эканини иддао қилишган.
Кулеба ўз истеъфоси юзасидан изоҳ берган эмас. У 2020 йил мартидан буён Украина ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келаётган эди.
Учинчи сентябрь куни Украина Олий радасига ҳукуматнинг уч аъзоси — саноатнинг стратегик соҳалари вазири Александр Камишин, адлия вазири Денис Малюська ҳамда табиий бойликлар ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш вазири Руслан Стрелец томонидан истеъфо аризаси тушган. Парламент спикери Руслан Стефанчук сешанба куни бунга ўхшаган ариза Давлат мулк фонди раиси Виталий Коваль томонидан ҳам топширилганини маълум қилган. Кейинроқ Радага бош вазирнинг Европа ва Евроатлантика интеграцияси масалалари бўйича ўринбосари Ольга Стефанишина ҳамда Украинанинг вақтинча ишғол этилган ҳудудларини реинтеграция қилиш масалалари бўйича вазири, бош вазир ўринбосари Ирина Верешчук томонидан ҳам истеъфо аризаси топширилгани маълум бўлган.
“Суспильне” нашри Украина Олий радаси истеъфоларни 4 сентябрь куниёқ тасдиқлаши мумкинлиги ҳақида ёзган.
“РБК Украина” нашри Украина парламентидаги “Халқ Хизматкори” (“Слуга Народа”) фракцияси раҳбари Давид Арахамия изоҳига эътибор қаратган. У ўз telegram-каналида 4 сентябрь “ишдан бўшатишлар куни”, 5 сентябрь эса “тайинловлар куни” бўлишини қайд этган. Арахамия шу ҳафтанинг ўзида ҳукумат таркибида катта ўзгаришлар бўлиши кутилаётгани ҳақида ёзган. Унга кўра, Вазирлар маҳкамаси штат бирлигининг 50 фоиздан кўпроғида ўзгаришлар бўлади.
“Якуний рўйхат фракциянинг 4 сентябрдаги мажлисида аниқ бўлади”, дея қўшимча қилган Арахамия.
Ўз навбатида, “Голос” партиясидан депутат Ярослав Железняк 3 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда ҳукумат таркиби тўлиқ ўзгаришини кутиш керак эмаслиги, чунки, қонунга мувофиқ, ҳарбий ҳолат вақтида ҳукумат таркибини тўлиқ ўзгартириш мумкин эмаслигини айтган.
Украина президенти Владимир Зеленский 27 август кунги матбуот анжуманида бош вазир Денис Шмигаль билан ҳукуматдаги эҳтимолий ўзгаришларни муҳокама қилаётганини билдирган эди. Ёзда “Украинская правда” ва “РБК-Украина” нашрлари президент атрофидаги манбалар маълумотига таянган ҳолда, Зеленский бош вазир Шмигалдан чарчаган бўлиши ва уни ишдан бўшатишни режалаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзиб чиқишган.
Денис Шмигаль Украина ҳукуматига 4,5 йилдан буён етакчилик қилиб келмоқда.