Замбия Ташқи ишлар вазирлиги Россияда озодликдан маҳрум қилинган ва қамоқда сақланган ўз фуқароси қай тарзда Украина урушига жалб қилинганига Москвадан изоҳ сўради. Замбия фуқароси Украинадаги урушда ҳалок бўлган.
Хабарларда айтилишича, 23 ёшли талаба Лемехани Натан Ньиренда Москвадаги инженерлик-физика нститутида ядровий ускуналарни лойиҳалаш соҳаси бўйича таълим олган. Талаба қандай жиноятни ёки ҳуқуқбузарликни содир этгани учун қамалгани тўғрисида маълумот мавжуд эмас.
Замбия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, айни пайтда Ньиренданинг жасади Ростов-Дон шаҳрига олиб келинган ва яқин орада ватанига жўнатилади.
Халқаро матбуотда президент Путинга яқин бўлган миллиардер Пригожинга мансуб “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкат ёз ойларидан бери Россия қамоқларида маҳкумларни Украинадаги урушга ёллаш билан шуғулланаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди. Ёлланганларга афв этилишлари ва пул мукофотлари ваъда қилинмоқда.
Ноябрь ойида президент Путин оғир жиноятларни содир этгани учун жазо ўтаётган ёки судланганлиги бекор қилинмаган шахсларни урушга сафарбар қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди.