Украина ва Россия вакилларининг галдаги музокараси мартнинг сўнгги кунларида бўлиб ўтади

Россия ва Украина вакиллари ўртасидаги музокаралардан бири (архив сурати)

Киев ва Москва вакиллари ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раунди 28 – 30 март кунлари Туркияда бўлиб ўтиши керак. Бу ҳақда Украина делегацияси аъзоси ва “Халқ хизматкори” фракцияси раҳбари Давид Арахамия маълум қилди.

У томонлар мазкур учрашув ҳақида 27 март куни видеоконференция шаклида ўтказилган музокаралар чоғида келишиб олганларини қайд этди.

25 март куни Украина ва Россия вакиллари Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг икки томонлама музокараларда муросага эришилганига оид сўзларини рад этишган. Эрдўғон Украина Россиянинг олтита шартидан тўрттасига, хусусан НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиш ҳамда рус тилини иккинчи давлат тили сифатида тан олишга кўнишга тайёр эканини билдирган эди.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россия билан музокараларда ҳали консенсусга эришилмаганини билдирган. У тутилган мавқеларда зиддият борлигини урғулаган: Украина ўт очишни тўхтатишни, хавфсизлик кафолатини талаб қилмоқда ва ҳудудий яхлитликка алоқадор бўлган ҳар қанақа муроса йўлини рад этмоқда.

Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский Украина делегацияси билан учрашув ўтказилишини тасдиқлаб, музокаралар 29–30 март кунларига белгиланганини айтган. Москва вакили учрашув қаерда ўтказилишига аниқлик киритган эмас.