Украина Хавфсизлик хизмати Россиянинг собиқ президентини қидирувга берди

Дмитрий Медведев

Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан қидирув эълон қилган. Украина ИИВ маълумотлар базасида қайд этилишича, россиялик мулозим Украина ҳудудий яхлитлиги ва дахлсизлигига тажовуз қилганликда айбланмоқда.

Дмитрий Медведев 2008-2012 йилларда Россия президенти, 2012-2020 йилларда бош вазир вазифасини бажарган.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Дмитрий Медведевнинг “УХХ томонидан ноқонуний жиноий таъқиб этилиши муносабати билан” жиноят иши қўзғатиш ҳақида топшириқ берган.

Бу орада УХХ нафақат Медведев, балки Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова, Россия Давлат думаси депутатлари ҳамда Федерация кенгашининг аъзолари дохил 700 чоғли россиялик юқори лавозимли мулозимни қидирувга бергани маълум бўлди.