Украина 21 мингдан зиёд ҳарбий жиноят юзасидан тергов ўтказади. Бу ҳақда Украина бош прокурори Ирина Венедиктова Би-би-сига берган интервьюсида билдирди.
Венедиктовага кўра, прокуратурага муҳтамалан россиялик ҳарбийлар томонидан амалга оширилган ҳарбий жиноятлар тўғрисида ҳар куни 200-300 тадан хабар келиб тушмоқда.
Бундан ташқари, Киев Украина фуқаролари Россияга ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида мунтазам равишда хабар қилиб келяпти. Россия расмийлари тарқатган сўнгги маълумотга кўра, кейинги кунларда Украинанинг шарқий вилоятларидан 24 минг киши эвакуация қилинган, улардан тўрт мингга яқини болалардир.
Эвакуация Донбассдаги ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган республикалар ҳамда Россия Қуролли кучлари назорати остида бўлган ва шу кунда шиддатли жанглар бораётган вилоятларда амалга оширилган.
Россия расмийларига кўра, уруш бошидан бери Украина шарқидан Россияга 371 минг 925 бола дохил 2 миллион 359 минг 135 киши чиқиб кетган.
Россияга эвакуация қилинган қочқинлар катта ёшдаги кишиларнинг ҳаммаси ўтиши лозим бўлган “фильтрацион лагерлар” ҳақида айтишмоқда.
Россия босқини бошланганидан бери 13 миллионга яқин украиналик ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Улардан 5 миллиони Польша, Венгрия, Словакия, Руминия ва Европанинг бошқа давлатларига чиқиб кетишган. Қолган 8 миллион киши эса Украинанинг хавфсизроқ ҳудудларига кўчиб ўтишган.
Украиналик қочқинларнинг 2 миллионига Европа Иттифоқида Польша мезбонлик қилмоқда. Шунингдек, 780 минг нафар украиналик Германияга, 366 мингдан кўпроғи Чехияга, 145 минги Туркияга, 90 мингдан Руминия ва Молдовага қочган.
Россия қочқинлар қаерга жойлашгани, уларнинг легал мақоми ва уларга берилаётган ёрдам ҳақида аниқ маълумот тақдим этаётгани йўқ.