Янги қонун бўйича шартли равишда муддатидан озод қилинган 3 мингдан зиёд маҳкум Украина Қуролли кучлари сафига кирган. Бу ҳақда Украина адлия вазирининг ўринбосари Елена Висоцкая Associated Press агентлигига маълум қилган.
Вазирлик қайдича, шу тариқа судлар 27 мингга яқин маҳкумни жазодан озод қилиши мумкин.
Висоцкаянинг айтишича, қамоқдан озод бўлганлар азму қарорли бўлиб, “уйга қаҳрамон сифатида қайтишни исташмоқда”.
Айрим тоифадаги маҳкумларни урушга жалб қилишга қонун Украина президенти Владимир Зеленский томонидан шу йилнинг 17 майида имзоланган эди.
Мазкур қонунга мувофиқ, суд тиббий комиссия, ҳарбий қисм командири ва маҳкумнинг ўзи розилиги асосида унинг кейинчалик урушга сафарбар қилиниши учун шартли равишда қамоқдан озод қилиш ҳақида қарор чиқаради. Бу йўлдан фойдаланмоқчи бўлган маҳкумларнинг биринчилари май ойи охиридан қамоқдан озод қилина бошлаган.