Украинада асирга тушган ўшлик эркак Россияга қайтарилди

Алишер Турсунов (видеодан скриншот)

Украинада тутқунликда бўлган қирғизистонлик Алишер Турсунов россиялик расмийларга қайтариб берилди. Бу ҳақда “Украина — Марказий Осиё” телеграм-канали Украинанинг “Яшашни истайман” деб номланган ҳарбий асирлар мурожаати бўйича мувофиқлаштирувчи марказидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Телеграм-канал қайдича, Турсунов Россияга 17 июль куни қайтарилган — шу куни Украина ва Россия “95 га 95” шаклида ўзаро асир алмашишган эди. Асир алмашилгани ҳақида аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги ҳам маълум қилганди. Бундан ташқари, Турсуновнинг исми Россия армияси ҳарбийларини қидириб топиш ва уйига қайтариш бўйича “Бизнинг чиқиш” (“Наш Выход”) деб номланган жамоатчилик ҳаракати эълон қилган озод қилинмиш россиялик ҳарбийлар рўйхатида ҳам бор.

57 ёшли Алишер Турсунов ўзининг асирга тушгани ҳақида айтиб берган видео шу йилнинг май ойи охирида ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Мазкур роликда Турсунов ўзининг Қирғизистон фуқароси эканини, Ўшда туғилганини ҳақида иддао қилган.

У Рязанга ўғлининг ёнига келган пайтда полиция томонидан ушланганини маълум қилган. Турсунов армияда хизмат қилиш шартномасини мажбуран имзолагани, бунинг учун унга пул, паспорт ва ҳарбий билет ваъда қилинганини айтган. Унинг иддаосича, шартнома имзоланганидан кейин уни полигонга олиб боришган ва ўша ерда у уч кун давомида махсус тайёргарликдан ўтган. Видео охирида Турсунов урушга ўз ихтиёри билан кетмаганини айтиб, Қирғизистон расмийларидан ватанига қайтишда унга ёрдам беришни сўраган.

Алишер Турсунов Россия армияси сафида Украинада жанг қилган ягона қирғизистонлик эмас. Шундайлардан бири Асқар Қубаничбек ўғли бўлиб, у Қирғизистонда қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Аммо пробацион назорат шарти билан озод қилинганидан кейин у яна чегарадан ноқонуний ўтиб, Россияга кетган ва Россия армияси билан янги шартнома имзолаган.

Қўлга олинганлардан яна бири норинлик Бекназар Бўругул ўғли бўлиб, у ҳам “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати таркибида Украинадаги урушда қатнашгани учун судланган. Кейинроқ у Норин вилоят суди томонидан муддатидан илгари озод қилингани маълум бўлган. Суд вакиллари Қирғизистон президенти томонидан 2023 йил 31 январида имзоланган “Судланганларни афв қилиш тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, унинг жазо муддати тўрт йилга қисқартирилгани, шу асосда у озодликка чиққанини маълум қилишган.