Украинада 16 февраль куни Бирдамлик куни нишонланмоқда. Украина президенти Владимир Зеленский бир кун аввал 16 феврални Украина Бирдамлик куни деб эълон қилди ва бу ҳақдаги фармонни имзолаган эди.
Аввалроқ айрим оммавий ахборот воситаларида Россия Украинага 16 февраль куни уруш эълон қилиш эҳтимоли борлиги тўғрисидаги хабарларни тарқатганди. Аммо 15 февраль куни Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий ўқув машғулотлари якунлангани ортидан аскарлар ўзларининг доимий манзилларига қайтарилаётгани тўғрисида баёнот тарқатган.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг эса Россия Украина чегараларидан ўз ҳарбийларини олиб чиқаётгани кузатилмагани тўғрисида 15 февраль куни кечга яқин ўтказган матбуот анжуманида билдирган.
Шундан сўнг АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар Россия Украина билан чегарадош ҳудудларга жамланган аскарларни ва ҳарбий техникани олиб чиқиб кетаётгани тўғрисида ҳеч қандай далилларга эга эмаслиги тўғрисида баёнот берди. Байденга кўра, аввал Украина билан чегарага Россия камида 130 минг аскарни жамлагани тўғрисида маълумот мавжуд бўлган. 15 февралда эса Украина чегарасига камида 150 минг аскар йиғилган.
Байденга кўра, Америка ўз принципларидан воз кечмайди, хусусан, ҳар бир мамлакат, шу жумладан Украинанинг ҳам ўз ташқи сиёсат йўналишини мустақил танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилади.
Президент, шунингдек, АҚШ НАТОдаги иттифоқчиларини ҳимоя қилишга ва киберҳужумлардан мудофааланишга шайлигини билдирган.