Украинанинг Суми шаҳрида якшанба куни иккита болалар муассасаси – болалар уйи ва болаларнинг ижтимоий-психологик реабилитацияси маркази Россия қўшинлари ракета зарбасига нишон бўлди. Қайд этилишича, битта бинода жойлашган бу икки муассаса шаҳарнинг аҳоли яшайдиган мавзеси орасида жойлашган.
Суми вилояти ҳарбий маъмуриятининг билдиришича, зарба натижасида юзага келган вайронгарчилик кўлами ва жабрланганлар сони аниқланмоқда. Айни пайтгача икки нафар бола – етти яшар бола ва ўн уч яшар қиз тан жароҳати олгани маълум.
Бундан бир неча соат аввал Сумида иккита саноат корхонаси ракета зарбасига нишон бўлган эди. Маҳаллий прокуратура ҳужум чоғида бир неча киши яраланганини маълум қилган.
Россия Мудофаа вазирлиги Сумининг ўққа тутилиши юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.
Украинанинг Суми вилояти 6 август куни Украина Қуролли кучлари бўлинмалари кирган Россиянинг Курск вилояти билан чегарадош. Украина президенти Владимир Зеленский бу амалиёт мақсадларидан бири Суми вилоятини Россия томонидан ўққа тутилишидан ҳимоялаш эканини айтган эди. Айни пайтда Украина армияси Курск вилояти ҳудудига кирганидан кейин Сумини ўққа тутиш интенсивлиги ошган. Суми вилояти маъмурияти умумий ҳисобда олти мингга яқин одам яшаган 23 та аҳоли пункти мажбурий равишда эвакуация қилинишини эълон қилган.