Украинада ўқиган ҳиндистонлик юзлаб талаба ўқишини Ўзбекистонда давом эттиради

Иллюстратив сурат

Украинадаги тиббиёт олий ўқув юртларида ўқиб келган ҳиндистонлик 200 нафар талаба бундан буён таълимини Ўзбекистонда давом эттиради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасидан олинган маълумотга таянган ҳолда ТАСС агентлиги хабар қилди.

Агентлик қайдича, элчи Дилшод Ахатов Нью-Деҳлида Ўзбекистон тиббиёт ОТМлари томонидан ўтказилган суҳбатдан муваффақиятли ўтган ҳиндистонлик талабаларга ўқишга қабул қилинганларига оид билдиришномаларни топширган.

Ҳиндистонлик талабалар Бухоро давлат тиббиёт институти ва Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олишлари айтилмоқда. Уларга тиббиётнинг икки дастури бўйича ўқиш таклиф қилинган.