“Украинадаги Беларусь уйи” раҳбари Киевда осилган ҳолда топилди. Унинг юзида калтак излари бўлган

“Украинадаги Беларусь уйи” раҳбари Виталий Шишов

2 август куни Киевда йўқолган “Украинадаги Беларусь уйи” раҳбари Виталий Шишов истироҳат боғида осилган ҳолда топилди. Бу ҳақда миллий полициянинг Киев бошқармаси маълум қилган.

Полицияга кўра, уни яшаш жойидан узоқ бўлмаган хиёбонлардан бирида топишган. Мобил телефони ва шахсий буюмлари ёнида бўлган, полиция уларни мусодара қилган.

Шунингдек, полиция “Қасддан одам ўлдириш” (Украина ЖКнинг 115-моддаси) бўйича жиноят иши очган бўлиб, баёнотда айтилишича, барча тахминларни, жумладан, ўз жонига қасд қилиш билан ниқобланган қотиллик тахминини ҳам текшириб кўради.

“Украинадаги Беларусь уйи” вакили Юрий Шчучко “Настояшчее время” эфирида Шишовнинг юзида калтаклаш белгилари борлигини сўзлади.

“Святошинск боғини Украина Миллий гвардияси ўраб олган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Биз унинг қиз ўртоғи учун тез ёрам чақирдик. Виталийни у Украинага келган илк кундан билардим”, дейди у.

Шчучконинг айтишича, у Виталийнинг дўстлари билан бирга уни қидиргани чиққан, бу пайтда полиция маҳаллий аҳолидан Шишов ҳақида сўраб-суриштирган. Боққа етиб боришганида у ерда Шишовнинг жасадига дуч келганлар.

“Эски усул. Одам юзида калтаклаш белгилари билан осилган. Ҳеч нимаси ўғирланмаган. У оддий, оҳори тўкилган спорт кийимида эди, ёнида фақат телефони бўлган”, дейди Шчучко.

Унинг сўзларига кўра, “Украинадаги Беларусь уйи”нинг барча фаол аъзолари Украинага “уларни жисмоний йўқ қилиш учун Беларусдан Махсус амалиёт кучлари ва бошқа бўлинмалар ходимлари келган”и ҳақида маълумот олганлар.

“Жумладан, Украина Хавфсизлик хизматидан шунақа маълумот келди. Эҳтиёт бўлинглар, чунки бу ерда Беларусь КГБсининг жосуслар тармоғи бор, дейишди. Виталий мендан унинг яқин кишилари ҳолидан хабардор бўлиб туришни илтимос қилувди. Кўнгли бир фалокатни сезганга ўхшарди”, дейди Шчучко.

Аввалроқ “Украинадаги Беларусь уйи”нинг телеграм-канали Шишов 2 август куни эрталаб югуришга чиқиб кетганича қайтмаганини маълум қилган эди.

“Унинг рақамидан бир нечта сассиз қўнғироқ қилинган, аммо ҳозир у билан алоқага чиқиб бўлмаяпти. Ортиқ қўнғироқ қилмади. Биз у одатда югургани чиқадиган жойни кўздан кечириб чиқдик, бироқ Виталийнинг изини топа олмадик”, дейилганди хабарда.

Шишовнинг танишлари ҳуқуқбонларга, у эрталаб югуришга чиққанида ортидан кузатишаётганини пайқаганини, у билан қиз ўртоғининг ёнига бегона одамлар келиб, гапга солмоқчи бўлишганини сўзлаб беришди.

“Украинадаги Беларусь уйи” нотижорий жамоат ташкилоти бўлиб, Украинага қочиб келган Беларусь фуқароларига ижарага уй топиш, қонуний рўйхатдан ўтиш ва ишга жойлашишда кўмаклашади.

Озодлик радиоси беларус хизмати маълумотига кўра, мазкур ташкилот “Азов” батальони таркибида Донбассдаги жангларда қатнашган ва Украина фуқаролигини олган асли беларуслик Сергей Коротких номи билан боғлиқ.