Краснодар ўлкасидаги Ей туман тиббиёт муассасалари ходимлари “ихтиёрий-мажбурий” тарзда бир кунлик иш ҳақларини Украинанинг Луганск ва Донецк вилоятларидан эвакуация қилинганлар фойдасига ўтказиб бераётганлари тўғрисида маълум қилди.
Кавказ.Реалии сайтига бу маълумотни “Яблоко” партиясининг маҳаллий бўлими раиси Александр Коровайний тасдиқлади.
Унга кўра, 15 минг рубль ойлик олаётган тиббиёт ходимлари “ўзи шундоқ ҳам ҳеч нарсага етмаётган иш ҳақлари”ни эвакуация қилинганлар билан бўлишаётганидан норози.
Хабарда айтилишича, тиббиёт ходимларига россияпарастлар назоратидаги Украина ҳудудларидан эвакуация қилинганларга “моддий ёрдам” кўрсатиш тўғрисда “юқори”дан буйруқ берилган.
Бундан ташқари Ей туманидаги барча мактаб ўқитувчиларига ҳам бир кунлик иш ҳақларини эвакуация қилинганлар фойдасига ўтказиш тўғрисида кўрсатма берилган.
Россияпарастлар назоратидаги Донецк ва Луганск расмийлари аҳолини Россия минтақаларига эвакуация қилиш тўғрисида 18 февралда қарор қабул қилган эди.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, шу кунгача Донецк ва Луганскдан Россияга 61 минг киши эвакуация қилинган. Россия президенти Владимир Путин уларнинг ҳар бирига 10 минг рублдан пул бериш тўғрисида буйруқ чиқарган.