Украинанинг биринчи президенти Леонид Кравчук оламдан ўтди, дея хабар қилди “Українські новини” агентлиги сиёсатчининг оиласидан олинган маълумотга таянган ҳолда.
Январь ойида Кравчук 88 ёшга тўлган эди. Унинг узоқ давом этган хасталик ортидан вафот этгани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, ўтган йил июнида собиқ президент юрак амалиётини бошдан кечирган. Операциядан сўнг у узоқ вақт комада бўлган. Кейинроқ у Мюнхендаги клиникада даволанган.
Леонид Кравчук 1991 йилдан 1994 йилгача Украина президенти лавозимини эгаллаб турган. Давлат раҳбари сифатида у Россия ва Беларусь президентлари Борис Ельцин ва Станислав Шушкевич билан биргаликда СССР тарқалишига олиб келган шартномани имзолаган. Мустақил Беларуснинг илк лидери бўлган Шушкевич бундан бир ҳафта муқаддам қазо қилган эди.
Кравчук 2020 йил июлидан бери Украина шарқидаги вазиятни изга солиш бўйича гуруҳдаги украин делегациясига раҳбарлик қилиб келаётган эди.