"Umid avto" раҳбари фирибгарликда гумонланиб қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими “Umid avto companes” МЧЖ мансабдорларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатди.

Kun.uz нашрининг ИИВ Тергов департаменти маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, тергов ҳаракатлари доирасида мазкур МЧЖ раҳбари Абдуманноп Абдураҳмонов процессуал тартибда ушланган.

Тергов идораси ЖКнинг 168, 188-1 (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) ҳамда бошқа моддаларида айбланаётган жамият мансабдорларига оид айблов хулосасини жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судига юборган.

ИИВга кўра, тергов жараёнида айбланувчи Абдуманноп Абдураҳмонов “Umid avto”, “Orient avto”, “Business Orient auto”, “Orient auto hamkor”, “Umid auto xizmati”, “Umid avto companes” ва “Orient auto Toshkent” МЧЖларнинг раҳбари сифатида ҳам фаолият олиб боргани аниқланган. Терговнинг тўлиқлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида дастлаб қўзғатилган жиноят ишидан А.Абдураҳмонов ва бошқаларнинг қисмлари алоҳида иш юритувга ажратилган.

Ҳозирда барча айбдорларни терговга жалб қилиш ва жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплаш чоралари кўрилаётгани билдирилган.

Ўзбекистонда одамларнинг автомобиль олиб бериш ваъдасига ишониб, миллионлаб сўм маблағидан ажралиб қолиши илк бор кузатилаётгани йўқ.

Озодлик 2024 йил декабрь ойида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида давлат рўйхатидан ўтказилган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорларига нисбатан фирибгарлик айблови билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилган эди.

Сўнгги йилларда аниқланган молиявий фирибгарликлардан зарар кўрганлар сони юз мингларни ташкил этиши айтилади.