Ўзбекистонга озиқ-овқат маҳсулотларининг деярли 38 фоизи Қозоғистондан олиб кирилади

Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ун.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга олиб кирилган импорт озиқ-овқат маҳсулотларининг 37,9 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон буғдойга бўлган ички эҳтиёжининг қарийб 35 фоизини импорт қилади. Импорт қилинадиган буғдойнинг асосий қисми Қозоғистондан келади.

Мавзуга алоқадор Қўшнилар учун ёмон янгилик. Қозоғистон буғдой ва ун экспортини тўхтатиб қўйди

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россия Украинага уруш очгани ортидан юзага келаётган ғалла тақчиллиги оқибатида 15 апрелдан бошлаб уч ой давомида буғдой ва ун экспортини мос равишда 1 миллион тонна ва 300 минг тоннага чекланишини маълум қилган эди.

Қозоғистоннинг буғдой ва ун экспортни чеклаши қарори Ўзбекистоннинг ички озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун хориждан, асосан Қозоғистондан 600 минг тонна дон сотиб олиш режасига эълон қилинган пайтга тўғри келди.

4 апрель куни Тошкент апрель ва июль ойлари орасида Қозоғистондан 100 минг тонна буғдой сотиб олиш режалаштирилганини маълум қилган эди.

Статистика қўмитаси озиқ-овқат бозорига импорт қилинган маҳсулотларнинг 25, 6 фоизи Россиядан, 11,9 фоизи Бразилиядан, 4,3 фоизи Беларусдан, 2,9 фоизи Покистондан ва 17,4 фоизи бошқа давлатлардан олиб кирилишини расман билдирди.

Айни пайтда январь-июнь ойлари оралиғида Ўзбекистон деярли 450 миллион долларлик 821 минг тонна мева ва сабзавотни экспорт қилган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104 минг тоннага кўпдир.