UNICEF коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари учун ССВга 223 та махсус машинани топширди

UNICEF томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилган махсус автомобиллар (ССВ фотоси)

Ўзбекистон CОVID-19 га қарши эмлашни амалга оширишга тайёргарлик кўраётгани сабабли БМТнинг Болалар жамғармаси 23 февраль куни Тошкентдаги “Миллий” стадионида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати учун 17 та музлаткичли юк машинаси ва 206 та Miniven-Labo автомобилларини топширган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, тақдим этилган транспорт воситаларининг умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу маблағ Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянси (GAVI) томонидан соғлиқни сақлаш тизимини мукамаллаштириш доирасида ажратилган.

Автомобилларни топшириш чоғида сўзга чиққан масъуллар таъкидича, вакциналарни маълум бир ҳароратни сақлаган ҳолда ташиш жуда муҳим. Бунинг учун махсус автомобилларнинг топширилиши эса совуқлик занжири ва логистика инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ҳамда вакциналарни мамлакат бўйлаб хавфсиз ва тезкор ташишга ҳисса қўшади.

Ўзбекистонда COVID-19 га қарши эмлаш жараёни шу йил март ойининг биринчи ярмида бошланиши режалаштирилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.