БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) Ўзбекистондаги ваколатхонасига Реҳина Мария Кастижио раҳбар этиб тайинланган. Бу ҳақда ваколатхона матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Кастижио хоним Тошкентда иш бошлашдан олдин UNICEFнинг Хорватия ва Парагвайдаги ваколатхоналарини бошқарган.
Мулозима БМТ Болалар жамғармасида 2016 йилдан фаолият юритиб келмоқда. Унгача эса Кастижио хоним Боливия, Эквадор ва Перудаги UNAIDS директори, Швейцарияда UNAIDS хусусий сектор билан ҳамкорлик бўлими раҳбари лавозимларида ишлаган ҳамда БМТ Бош котиби Кофи Аннан Ижроия аппаратида Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича масъул ходими бўлган.
АҚШдаги Ғарбий Вашингтон университетида иқтисод ва халқаро муносабатлар бўйича таҳсил олган ҳамда Нотр-Дам университетида давлат бошқаруви ва халқаро муносабатлар бўйича магистрлик даражасини олган Кастижио хоним испан, инглиз ва француз тилларида равон сўзлаша олиши айтилган.
Реҳина Мария Кастижиодан олдин UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Мунир Мамедзаде раҳбарлик қилган. Ваколатхонани 2020 йил августидан бери бошқариб келган жаноб Мамедзаде Озодликка ҳам бир неча бор интервью берган эди.