Ўзбекистонда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизлар ва ёш аёлларнинг 68 фоизи ҳеч қачон Интернетдан фойдаланмаган. Бундай иддаоли хулосага UNICEF (БМТ Болалар жамғармаси) мамлакатда ўтказилган тадқиқот натижасида келган.
Халқаро ташкилот тадқиқоти чоғида Ўзбекистонда компьютер саводхонлиги бўлмаган қизлар улуши 43,5 фоизни ташкил қилиши маълум бўлган, ўғил болалар орасида эса бу кўрсаткич 30 фоиз экани очиқланган.
UNICEF қайдича, бу уларнинг таълим олиш ва меҳнат бозоридаги салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларини сезиларли даражада камайтиради.
“Қизларнинг истеъдодлари очилиши учун уларга рақамли дунё борасида саводхонлик ва бу маконда зўравонлик хавфидан холи бўлган хавфсизлик зарур”, дейилган ташкилотнинг Халқаро қизлар куни муносабати билан тарқатилган хабарномасида.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов ўтган йил декабри ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 22,1 миллиондан ошгани, бундан 19 миллиони мобил Интернет фойдаланувчилари эканини маълум қилган эди.