UNICEF Ўзбекистонга қиймати ярим миллион доллардан ошган жиҳозлар тақдим этди

UNICEF томонидан ўзбек расмийларига топширилган тиббий жиҳозларнинг бир қисми (UNICEF Ўзбекистон фотоси)

БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) Ўзбекистонга вакцина омборлари учун умумий қиймати 500 минг АҚШ долларидан ошган жиҳозлар тақдим этди. Бу ҳақда мазкур халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, UNICEF вакиллари ўзбек расмийларига вакциналар омборида Moderna ва Pfizer сингари вакциналарни сақлаш имкониятини берадиган 118 музлатгич, шунингдек, 7 минг дона термосумка ва тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситаларини топширган.

“Мазкур ёрдам эвазига мамлакат бўйлаб 35 та вакцина омбори, жумладан 14 та ҳудудий, 15 та туман ва 6 та шаҳар даражасидаги вакцина омбори жиҳозланади”, дейилган хабарномада.

Ўтган йили UNICEF CОVID-19 га қарши эмлов жараёнига кўмак тариқасида ўзбекистонлик тиббиётчиларга умумий қиймати 2 миллион доллар бўлган 17 та музлаткичли юк машинаси ва 206 та Miniven-Labo автомобилини топширган эди.