Жиззах вилоятидаги Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 20 га яқин ўқитувчиси директор томонидан мактаб ҳудудидаги оғир ишларни қилишга мажбурланаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилди.
Мактаб-интернат директори Озодлик билан суҳбатда ўқитувчи ва тарбиячиларни янтоқ чопиш ва ғишт ташиш каби ишларга жалб қилинганини бир тасдиқлаб, бир инкор қилди.
Бундан аввалроқ ўқитувчилар бу ишларни бажаришга масъул қилинган боғбон, ҳовли супурувчи штатлари “ўлик штат” сифатида тургани ва бу штатларга тўланган маош ўзлаштирилгани ҳақида прокуратурага шикоят қилган ва уларга Жиззах шаҳар прокуратурасининг бу ҳолат бўйича жиноят иши очгани билдирилган.
Жиззах вилояти Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчилари томонидан Озодликка 16 август куни жўнатилган видеоларнинг бирида аёл ўқитувчи ва тарбиячиларнинг янтоқ чопаётгани, бошқасида эса ғишт ташиётгани акс этган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Видеотасвирдаги манзарани Озодликка исми сир қолиш шарти билан тушунтирган ўқитувчилардан бирининг айтишича, мактаб директори Бахтиёр Шарипов таътилдан қайтган "тўрт мучаси соғ" муаллим ва тарбиячиларнинг ҳаммасини мактаб ҳовлисида ва стадионида ўсиб кетган янтоқни чопишга мажбурлаган.
“Таътилдан қайтган ўқитувчи ва тарбиячиларни июль ойининг охири ва август ойи давомида директор итдай ишлатди. Жазирама иссиқда қанчамизнинг мазамиз қочиб қолди. Директор ўтириб, дам олаётганимизни кўриб қолса яна “нега ҳамманг к...тингни тўнқайтириб ўтирибсан, сассиқлар, падарингга лаънат”, деб ҳақорат қилиб бақиради. Куни-кечаги шанбаликда ҳам шундай ҳақорат қилди. Тўғри, мактаб бизники, лекин мактаб ҳовлисига қарайдиган боғбон бор, бошқа ишчилар бор. Лекин бу “ўлик штатлар”. Чунки бу штатларга кимдир маош олаяптию, лекин ишини қилмайди. Балога қолган эса ўқитувчию тарбиячилар”, дейди ўқитувчи.
Мактаб-интернат ўқитувчилари мажлисларда директорнинг ўқитувчиларни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилгани аудиоёзувларни ҳам Озодликка жўнатди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бу аудиоёзувларда директорнинг овози деб иддао қилинаётган шахс ўқитувчи ва тарбиячиларни:
“Қанақа одамсанларей, қанақа қутурган одамсанлар!? Падарингга лаънат! Ифлос!”, деб ҳақорат қилади.
Ўқитувчилар - ғишт ташимоқда
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодликка юборилган иккинчи видеода мактаб-интернат директорининг буйруғи билан аёл тарбиячи ва ўқитувчилар ғишт ташишга мажбурлангани акс этган.
Исми сир қолишини сўраган тарбиячилардан бири Озодликка ўзининг ҳам ўша куни ғишт ташишга мажбурланганлар орасида эканини айтади.
“Хотирам панд бермаса, ғишт ташиттириш 2 август куни бўлган эди. Мактаб ҳовлисида ғишт уюми бор эди. Директор ўшани аввал туалетнинг олдига ташиттирди. Кейин бу ҳам унга ёқмадими, кейин бу ёққа ташийсизлар деди. Яна ҳаммамиз ўлиб деворнинг орқасига ташидик”, дейди ўқитувчи.
"Ўлик штатлар"
Озодлик суҳбатлашган ўқитувчилар ногиронлар учун махсус бу мактаб-интернатда ҳовли тозалигини таъминлайдиган иш штатлари борлиги, лекин бу штатлардаги “ўлик жонлар”нинг маош олиб¸ ҳеч қандай иш қилмаслигини иддао қилди.
Ўқитувчиларга кўра¸ улар мактаб-интернет директори Бахтиёр Шариповнинг ноқонуний ишлари юзасидан Жиззах вилояти прокуратурасига ариза ёзган.
Уларга кўра¸ бу ариза юзасидан Жиззах вилоят прокуратураси вилоят Давлат молиявий назорати бошқармасидан текширув ўтказишни сўраган.
Ўқитувчилар таъкидича¸ бошқарма бўлим бошлиғи Зокир Зулфиқоров мактаб-интернатда текшириш ўтказиб, сўнгги беш йилда 12 иш штатида эгаллаган вазифалари бошқалар томонидан бажариб келингани ёки бажарилмаган иш ўринлари ва уларга ҳисобланган иш ҳақлари борлигини аниқлаган.
Бу “ўлик штат”лар рўйхатида бир нафар ҳовли супурувчи, уч нафар фаррош ва бошқа касб эгаларининг исм-шарифлари келтирилган.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирининг ўринбосари А.Умаровнинг мактаб-интернат педагог ходимлари шикоятига 2018 йил 4 июлда ёзган жавоб хатида, улар шикоятида келтирилган фактлар бўйича жиноят иши қўзғатилгани айтилган.
“Жиззах вилояти Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолияти Жиззах вилояти прокуратураси томонидан тегишли мутахассислар иштирокида ўтказилган текширишда мактаб-интернат мансабдор шахслари томонидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни амалга оширишда жиддий қонун бузилишлари аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Руспубликаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3 қисми, “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Жиззах шаҳар прокуратурасига юборилган”, дейилади Халқ таълими вазири ўринбосарининг жавоб мактубида.
Озодликка маълум бўлишича¸ тергов амалиëтлари бораëтгани ва талон-тарожда айбланаëтганига қарамай¸ мактаб-интернат директори ўз вазифасида қолмоқда.
"Ишлаган бўлса, ўзимизнинг мактаб учун ишлашган"
Жиззах вилояти Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори Бахтиёр Шарипов Озодлик билан 22 август кунги суҳбат бошида, ўқитувчи ва тарбиячиларни мажбурий ишларга жалб қилинганини инкор қилишга уринди:
- Ҳеч ким ўқитувчини ишлатгани йўқ у ерда, ўзимизнинг техничкаларимизку бари. Мактабнинг ҳовлисида ишлаяптику. Ҳаммаси ойлик олаяпти, деди директор.
Озодлик ўқитувчи ва тарбиячилар акс этган видео борлигини айтганидан сўнг, Бахтиёр Шарипов бу ишларни бажарадиган штати йўқлиги учун уларни ишлатаётганини бир тан олиб, бир инкор қила бошлади:
- Ўқитувчи, тарбиячи отпускадан қайтгандан сўнг, мен ўзимни муассасамни кимга қилдирай? Бизда боғбон штати йўқ. Бизга ҳар бир квадратга бизга техничка берган, уборшица берган, ўшалар қилаяптику. Ҳеч қандай ўқитувчи ёки тарбиячи чиқарилгани йўқ. Булар мени ишдан кетказиш учун атайин қилишаяпти, ўзлари чоптиртириб, атайин орқасидан видеога олишаяпти. Мен топаман ҳали уларни, скритий камерада олган бўлса ҳам. Қилишган бўлса¸ ўзимизни мактаб тозалиги учун қилишган, биров кўчадан келиб тозалаб бермайдику, деди мактаб-интернат директори Бахтиёр Шарипов.
Директор Озодлик мухбирига прокуратура аниқлаган "ўлик штат"лар ҳақида изоҳ беришни истамади.
Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 10 майида “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорни қабул қилган эди.
Аммо вилоятларда бу қарорнинг ижро этилмаëтганига оид Озодликка хабарлар келишда давом этмоқда.