Ўзбекистон 8 йилда уран қазиб олишни икки баробарга кўпайтирмоқчи

Ўзбекистон 2030 йилга келиб йилига 7100 тоннадан уран қазиб олишни режалаштирмоқда. Бу рақам президентнинг “2022-2030 йилларда уран қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмини ошириш ва «Навоийуран» давлат трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайд этилди.

Айни пайтда Ўзбекистон йилига 3,5 минг тонна уран қазиб олади. Шундан келиб чиқилса, уран қазиб чиқаришни икки баробардан кўпроққа ошириш назарда тутилмоқда.

Қарорда 2022-2030 йилларда геология-қидирув ишларини фаоллаштириш ҳисобига уран захираларининг ўсиш суръати кўрсаткичларини 4 700 тоннадан 10,5 минг тоннага етказиш тўғрисида кўрсатма берилди.

Уран қазиб олишни кўпайтириш бўйича умумий қиймати қарийб 460 миллион долларлик 20 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди.

Бутунжаҳон ядро ассоциацияси – WNAнинг билдиришича, Ўзбекистон 2021 йилда ҳам 2019 ва 2020 йилда бўлгани каби 3500 тонна уран қазиб олган. Бу билан Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича жаҳонда 5-ўринни сақлаб қолмоқда.

Ўзбекистоннинг ўзида уран қайта ишланмайди, шунинг учун у тўлиғича экспорт қилинади. Ўзбекистонда 132 минг тонна уран захираси мавжуд бўлиб, бу дунё захирасининг 2 фоизини ташкил қилади. Уран захираси бўйича Ўзбекистон жаҳонда 11-ўринда туради.

Уран қазиш бўйича 2021 йилда 1-ўринни Қозоғистон (21 минг 819 тонна), 2-ўринни Австралия (4 минг 192 тонна), 3- ўринни Намибия (5 минг 753 тонна) ва 4-ўринни Канада (4 минг 693 тонна) эгаллаган.