Урганч аэропорти қарийб уч ҳафтага ёпилди

Иллюстратив сурат

Учиш-қўниш йўлагини капитал таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан Урганч халқаро аэропорти жорий йилнинг 20 июли Тошкент вақти билан соат 00:01 дан 7 август соат 23:59 гача ўз фаолиятини тўхтатади.

Uzbekistan Airports ширкати қайдича, бу вақт оралиғида аэропортда капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади, хусусан, узунлиги 3000 метр, эни 16 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги юзаси бутунлай алмаштирилиб, мустаҳкамланади. Айни пайтда иккинчи ва учинчи юриш йўлакларини капитал таъмирлаш ҳам режаланган.

Капитал таъмирдан сўнг Урганч аэропортининг учиш-қўниш йўлаги Boeing 787 ва Airbus A330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қила олиши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, Хоразм вилояти марказидаги аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги охирги марта 1997 йили капитал реконструкциядан чиққан. Урганч аэропортини реконструкция қилиш чоғида режалаштирилган рейсларнинг барчаси Нукус халқаро аэропортига йўналтирилиши билдирилган.