Урганчда бешинчи қаватдан қулаган ўсмир касалхонага етказилди

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида вояга етмаган боланинг 5-қаватдан қулаб тушгани ҳолати юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориляпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда 2007 йилда туғилган ўсмирнинг Урганчдаги кўп қаватли уй 5-қаватидан Captiva автомобили устига қулагани акс этган видео тарқалган эди.

Шамсутдиновга кўра, касалхонага етказилган жабрланувчига айни пайтда зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

БП мулозими Урганчда содир бўлган ҳодисанинг сабаблари аниқланаётганини қўшимча қилган.