Туркманистондаги ягона ижтимоий тармоқ ишламай қолди

IMO Туркманистондаги ягона ижтимоий тармоқ эди.

Туркманистонда IMO ижтимоий тармоғи интернет тезлиги сустлиги оқибатида ишламай қолди. IMO Туркманистондаги ягона ижтимоий тармоқ эди. Бошқа тармоқларнинг фаолияти бу мамлакатда кузатилмайди.

Туркманистонда интернет фойдаланувчилари VPN воситасида бошқа сайтларга уланишга ҳаракат қилиб келади. Бироқ интернет тезлигининг сустлиги ортидан бунинг имконияти йўқ.

Британиянинг Cable.co.uk ташкилоти ҳисоботида айтилишича, Туркманистонда интернет тезлиги секундига 0,50 мегабитни ташкил қилади. Бу кўрсатки билан Туркманистон жаҳондаги 224 давлат орасида интернет тезлиги бўйича энг охирги ўринни эгаллаган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Туркманистонда беш гигабайтлик видеони юклаб олиш учун 22 соат 34 минут вақт сарфланган.

Туркманистонда мустақил оммавий ахборот воситалари мавжуд эмас. Мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги барча жабҳалар ҳукуматнинг қатъий назорати остида.