Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан уруш бошланганидан бери илк марта украин аскарлари орасидаги қурбонлар тўғрисидаги маълумотни ошкор қилди.
Унга кўра, Россия агрессиясига қаршилик кўрсатиш жараёнида 31 минг украин аскари ҳалок бўлди. Зеленский яраланганлар ва бедараклар тўғрисидаги маълумотларни очиқламади.
“Бу урушда 31 минг аскар ҳалок бўлди. Путин ва унинг атрофидагилар иддао қилаётганидай 300 минг, 150 минг эмас. Ҳар бир берилган қурбон биз учун оғир йўқотишдир”,- деди Зеленский.
Ўз нутқи давомида Укураина президенти урушнинг икки йили давомида ўнг минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлганини, Россия 180 минг ҳарбийсидан ажралганини, 500 мингга яқин рус аскари яраланганини айтди.
Россия Украинадаги йўқотишлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаяпти. Би-Би-Си рус хизмати ва “Медуза” нашри Украинада ўлган камида 45 минг рус ҳарбийсининг шахсини аниқлаган эди.
24 февраль куни Россия Украинага тўлақонли қуролли босқинни бошлаганига икки йил тўлди.