USAID Ўзбекистон билан дори сифати ва хавфсизлигини ошириш бўйича ҳамкорлик қилади

Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг “Док-1 Макс” сиропидан 65 нафар бола вафот этган.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонда сил ва бошқа касалликларга қарши дори воситаларидан хавфсиз ва сифатли фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича янги Англашув меморандумини имзолади. Мазкур меморандумга Ўзбекистон-АҚШ тарихида илк бор Тошкентда бўлиб ўтган “Соғлиқни сақлаш соҳасидаги форум” доирасида USAID ваколатхонаси раҳбари Девид Хоффман ва Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов қўл қўйди. Бу ҳақда USAID расмий сайтида маълум қилинди.

“АҚШ Фармакопияси томонидан амалга оширилаётган “Сифатли дори воситаларини тарғиб қилиш плюс” дастури орқали, USAID Ўзбекистондаги миллий манфаатдор томонлар ва ҳамкорлар билан дори воситалари сифатини таъминлаш тизимини барқарор мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг сифати кафолатланган муҳим дори воситалари ва тиббий буюмлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш мақсадида, яқиндан ҳамкорлик қилади”, дейилади расмий билдирувда.

“Соғлиқни сақлаш соҳасидаги форум” доирасида соғлиқни сақлаш вазири Амрулло Иноятов ва АҚШ элчиси Жонатан Хеник ўртасида Глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги дастури билан ҳамкорлик келишуви ҳам имзоланди. Бу билан Ўзбекистон АҚШ Глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги дастурининг 50 та ҳамкор-мамлакатидан бирига айланади. Мазкур дастур мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш хавфсизлиги имкониятларини кучайтиришга қаратилган.

Ҳиндистоннинг “Док-1 Макс” сиропидан 65 нафар бола вафот этгани ортидан Ўзбекистонда дори-дармон хавфсизлиги паст даражада экани очиқ бўлиб қолган эди. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур сиропнинг сифат назорати пастлиги, уларнинг зарарлари оқибатлари юзасидан 2022 йил октаябрь ойида кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонни ҳам огоҳлантирган. Бироқ огоҳлантиришлардан сўнг ҳам “Док-1 Макс” сиропи Ўзбекистонда сотилаверган.

Мавзуга алоқадор Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари ҳибсга олинди

Ўзбекистонда вояга етмаган болалар ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропи билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш 11 август куни Тошкент шаҳар судида бошланган эди. Мазкур иш юзасидан жами 21 киши айбланаётган бўлиб, улардан 16 нафари эркак, 5 нафари эса аёл.

Судланаётганлар орасида “Quramax Medikal” МЧЖ директори бўлган 51 ёшли ҳиндистонлик С. Р. П., Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори С. К., “Quramax Medikal” МЧЖ ва “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКда ишлаган бошқа масъул ходимлар бор. Улар Ўзбекистон Жиноят кодексидаги 12 та модда талабларини бузганликда айбланмоқда.

16 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида «Док-1 Макс» иши бўйича сўроқ қилинган ҳиндистонлик тадбиркор, «Quramax Medical» МЧЖ директори Р.С.П. (Ҳиндистон фуқароси) Ўзбекистон фармсаноати раҳбарларининг бирига 33 минг АҚШ доллари миқдорида пора берганини тан олди.